French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар учун Бўстонлиқ семинари
15:10 / 2025-07-10

Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи аёллар ва “Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги оромгоҳда маънавий-маърифий семинар ўтказилди.

Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида тўртинчи бор ўтказилган тадбирда 200 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди.

– Бу шунчаки сўлим тоғ бағрида дам олиш эмас, балки ҳаётга бўлган ёндашувни ўзгартириш, янги билим ва тажриба орттириш имконияти ҳам бўлди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева. – Семинар-тренингларда психолог, ҳуқуқшунос, банк ва молия соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди. Асосий мақсад  жамиятда унчалик фаол бўлмаган аёлларни руҳлантириш, уларга келажакка ишонч билан қараш ва янги ғоялар асосида ҳаракат қилиш имконини яратишдир.

Иштирокчилар нафақат билим кўникмасини оширди, амалий маслаҳатлар олди, балки  Бўстонлиқнинг гўзал табиатидан баҳраманд бўлишди.

– Мен учун бу тадбир жуда фойдали бўлди. Саволларимга мутахассислардан аниқ ва атрофлича жавоб олдим, – дейди Мирзаобод туманида яшовчи Саодат Жўраева. – Энди ўз ғояларим асосида фаолият бошлашга ишончим ортди.

– Ҳукуматимизнинг аёлларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги ҳамсафарларимизни руҳлантирди, – деди “Ойдин йўли” хотин-қизлар газетаси бош муҳаррири Дилором Эсанова. – Сафар давомида мен газетамиз учун навбатдаги қаҳрамонларни топдим. Турли муаммоларга қарамай, ҳаётига янгича руҳ бағишлаётган, тинимсиз меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг юксак салоҳияти ҳақида мақолалар тайёрлашни ният қилдим.

Бундай лойиҳалар хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, “Аёллар дафтари” доирасида ташкил этилаётган ҳар бир мотивацион тадбир жамиятда аёллар нуфузи ва фаол иштирокининг янада юксалаётганидан далолат беради.

Ғулом Примов,  

ЎзА мухбири