Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бугун Сирдарё вилоятининг бир қатор туманларида бўлиб, маҳаллалардаги хотин-қизлар ҳаёти, уларнинг ташаббус ва меҳнат фаолиятлари билан яқиндан танишди.
Оқолтин тумани Шодлик маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Оила ва хотин-қизлар маскани”да аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар алоҳида эътиборга молик. Бу ерда гўзаллик салони, пишириқ цехи ва замонавий компьютер курслари ташкил этилган. Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар Зулайҳо Маҳкамова томонидан ижобий баҳоланди ва маскан фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.

Мирзаобод туманидаги ташриф ҳам самимий руҳда кечди. Бу ердаги “Оила ва хотин-қизлар маскани”да “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари меҳмонни тантанали кутиб олишди. Улар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, китобхонлик ва маънавиятни тарғиб қилиш, маҳаллаларда тозалик ва тотувликни таъминлашда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, уларнинг ҳазиломуз шеър ва лапарлари аҳоли кайфиятини кўтариб, ёшларда миллий куй-қўшиқларга меҳр уйғотмоқда.

Ташриф доирасида меҳнатсевар оилалар билан ҳам суҳбатлар ташкил этилди. Жумладан, Т. Аҳмедов маҳалласидан Олланазар ва Гўзал Алимовлар 18 йилдан буён анорчилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда. 380 қути асалари уяси ва йилига 3 тоннадан ортиқ шифобахш асал — уларнинг ҳалол меҳнати самарасидир. Маҳсулотлар “Мирзаободнинг тотли асаллари” номи билан сотувга чиқарилиб, бренд даражасига кўтарилаётгани қувонарли ҳол сифатида қайд этилди.

Янги Ўзбекистон маҳалласидан Нафиса Маҳкамова эса 33 миллион сўм кредит асосида нонвойчилик цехини йўлга қўйган. Бугунги кунда у етти нафар маҳаллий аёлни иш билан таъминлаган. Ҳар куни оилавий цехда 600 дан ортиқ нон пиширилиб, дўконларга етказиб берилади. Эътиборлиси, тадбиркор аёл ногирон фарзанди Азизани ҳам иш жараёнига жалб қилиб, унинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашмоқда.

Турғун Аҳмедов маҳалласидан Ҳалима Ўразалиева хонадонида ҳам томорқадан унумли фойдаланиш орқали анорчилик ва чорвачилик йўлга қўйилган. Оилада меҳнатсеварлик ва бирдамлик туфайли фаровонлик ҳукм сурмоқда, фарзандлари эса олий маълумотли мутахассислар сифатида тарбия топган.
Зулайҳо Маҳкамова ташриф чоғида вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ошириш ва оилавий даромадни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди:
– Хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, оилавий фаровонликни таъминлаши — мамлакат тараққиётининг асосий пойдеворларидан бири. Сирдарё вилоятида аёлларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, хонадонларда томорқадан унумли фойдаланиш орқали даромад манбаларини кўпайтириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар қувонарли. Бу йўналишдаги ташаббусларни биз қўллаб-қувватлаймиз ва зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз, – деди З. Маҳкамова.
Шунингдек, раис келгусида аёллар бандлигини таъминлашда замонавий касб-ҳунар курслари ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган дастурларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири