Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳолати қандай?
15:56 / 2021-04-19

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, Сенатнинг 2020 йил ноябрь ойида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаси муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида хотин-қизлар тадбиркорлиги борасида ягона ва яхлит “маҳалла – туман(шаҳар) –вилоят – республика” тизим яратилган. Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи вақтинча ишсиз аёллар ва умумтаълим мактаблари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, молиявий саводхонлигини ошириш учун онлайн “Бизнес клиника”лар ташкил килинган.

Бугунги кунда 69 минг 877 нафар тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизларнинг 19 минг 643 нафарига кредитлар берилган бўлиб, фаолиятини тўхтатганларни қўллаб-қувватлаш учун хорижий лойиҳалар ҳам жалб этилмоқда.  

Хусусан, Жанубий Кореянинг “Гуд Нейборс Интернейшнл” нодавлат нотижорат ташкилоти ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда Мирзачўл тумани Мустақиллик маҳалласида қиймати 1,2 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида 400 нафар хотин-қизни хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик бўйича профессионал ўқитиш, кредит, субсидия олишларида яқиндан ёрдам кўрсатиш амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликда Фарғона ва Жиззах вилоятларида қиймати 2 милион 728 минг АҚШ доллари бўлган “Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида қишлоқ жойлардаги аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Узоқ йиллардан буён ишсиз ёки бола парваришида бўлган, чет давлатдан қайтган, пандемия муносабати билан ишсиз қолган аёллардан 14 мингдан зиёди доимий ишга, 30 минг нафари оилавий тадбиркорлик фаолиятига жалб этилиб, афв этилган 38 нафар аёлга тадбиркорлик учун кўмаклашилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 18 январида Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда қўшма қарор қабул қилинган. Унга кўра бугун Бандик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги 14 та ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 3 та ўқув муассасасида тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлиш ва таълим олиш имконияти яратилган.  

Хотин-қизларни миллий ҳунармандчилик касбларга йўналтириш мақсадида 4 минг 873 нафар аёл уста-ҳунармандларга бириктирилган. Ўтган йилда 5,5 минг нафар аёлнинг кичик бизнес лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар асосида 102 миллиард сўм маблағ ажратилиб, хотин-қизлар учун 4 минг 364 та янги иш ўрини яратилган.

Хотин-қизларнинг ахборот-коммуникация технология йўналишидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “ITWomen.Uz – 2021” лойиҳаси вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.  

Шунингдек, Халқ банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўртасида “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларни ўқитиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан имзоланган меморандумга кўра жорий йилда 26 минг 508 нафар хотин-қизга сертификат берилиб, уларни тадбиркорликка йўналтириш белгилаб олинган.

Қайд этилишича, бугунги кунда жойларда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи хотин-қизларга ўз маҳсулотларини бозорга олиб киришда муайян тўсиқлар мавжуд. Имтиёзли шартлар асосида бўш турган бинолардан фойдаланиш, Е-аукцион тизими бўйича хотин-қизларнинг билим ва кўникмалари етарли эмас. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва давом эттиришда қийинчиликларни юзага келтираётгани таъкидланди.

Қўмита мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўз назоратига олишини қайд этди.