Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш борасида ҳар бир ҳудудда “фавқулодда ҳолат” режимида ишлар йўлга қўйилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизматига кўра, жойларда тегишли ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш зарурати ва бунинг имкониятлари “хонадонбай” ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида биринчи ярим йилликда 127 минг 274 нафар хотин-қиз, шундан 89 минг 128 нафари касб-ҳунарга, 38 минг 146 нафари тадбиркорликка ўқитилди.
138 минг 486 нафар хотин-қизлар доимий иш ўринлари, шунингдек, ҳудудий ва тармоқ инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яратилган янги иш ўринларига ишга жойлаштирилди. 40 минг 520 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
13 минг 131 нафар хотин-қизга бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар берилди.
50 минг 582 нафар хотин-қизга деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун узоқ муддатли ижарага ер ажратилди. 282 минг 151 нафар хотин-қиз турли фаолият йўналишларида ўзини ўзи банд қилишга жалб этилиб, 10 минг 209 нафар хотин-қиз “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан январь-июнь ойларида 74 минг 420 нафар хотин-қизга 1 триллион 230 миллиард сўм кредит ажратилди.
Н.Усмонова,
ЎзА