Қарши шаҳридаги корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси кўргазмалар залида “Аёллар дафтари – хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлайди” мавзусида форум ўтказилди.
Тадбирда вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик марказида 2019-2021 йилларда турли йўналишларда касб-ҳунар ўрганиб, бугунги кунда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган хотин-қизлар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси билан иштирок этди.

Шунингдек,тадбир доирасида марказнинг “Тадбиркорлик ва бизнес” йўналишидаги навбатдаги курс битирувчиларига сертификатлар топширилди. Айтиш жоизки, ташкил этилган форум битирувчилар учун ҳам мастер-класс ўрнида катта таассурот қолдирди.
Маҳалла ҳафталиги доирасида ўтказилган ушбу тадбирда имтиёзли кредитдан фойдаланиб, миллий ширинликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган марказ битирувчиларидан Ирода Ядгарова ва Дилбар Ғайбуллаева ўзлари ишлаб чиқараётган пишириқлар билан, Миришкор туманида тикувчилик йўналишида фаолият юритаётган Гулшан Қараева ўзи тиккан либослар кўргазмаси билан, уй боғчаси очиб ёш авлод тарбиясига ҳисса қўшаётган яна бир битирувчи Наргиза Убайдуллаева тарбияланувчилари иштирокидаги мусиқий чиқишлари билан иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси” ғояси остида “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар кўтаринки кайфият ва аҳолининг фаол иштирокида ўтмоқда.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА