Бугун юртимизда хотин-қизларнинг турли соҳаларда раҳбарлик салоҳиятини намоён қилиши ва давлат бошқарувида муносиб ўрин эгаллашига кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, спорт тизимида хотин-қиз кадрлар захирасини шакллантириш жараёни соҳа тараққиётида янги босқич ҳисобланади. Чунки билимли ва ташаббускор хотин-қиз кадрлар орқали тизим самарадорлигини янада ошириш мумкин.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Спорт вазирлиги тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар орасидан салоҳиятли ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда уларни бошқарув соҳасида билим ва малакасини ошириш мақсадида “Истиқболли хотин-қиз кадрлар” махсус дастурига старт берилди.

Тадбирда давлат фуқаролик хизматида юқори турувчи лавозимларга хотин-қизларни мақсадли тайёрлашни амалга ошириш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, миллий кадрлар захирасида уларнинг улушини ошириш бўйича ислоҳотлар давом этаётгани таъкидланди.

Қайд этиш лозимки, дастлаб ушбу махсус дастурни ташкил этиш учун вазирлик норматив ҳужжати тасдиқланиб, кейинги жараёнда тизимдаги 18 минг 262 нафар хотин-қиз кадрлар орасидан ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан жами 140 нафар салоҳиятли хотин-қизлар тўғрисидаги маълумот шакллантирилди.

Номзодлар тест синовларидан ўтказилди, юқори балл тўплаган 56 нафар номзод суҳбатга тавсия этилди. Суҳбатлар жараёнидан 30 нафар номзодлар саралаб олиниб, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига ўқишга тавсия этилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА