Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар саломатлиги эътиборда
11:32 / 2023-11-20

Қарор ва ижро

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Бухоро вилоятида жойлашган Когон ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармаларида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг саломатлигига эътибор қаратиш ва тиклаш учун тор доирадаги мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорлари ёрдамида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилинмоқда.  

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан юборилган шифокорлар томонидан Газли магистрал газ қувурлари бошқармасида ишловчи аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

Бошқарма тизимида эркаклар билан елкама-елка, бир сафда 147 нафар хотин-қиз меҳнат қилиб келмоқда. Чўл ҳудудида ишлашнинг машаққатли жиҳатлари кўп, албатта. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмай, тиббий кўрикдан ўтганларга тор доирадаги мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди. Танасида қайсидир касаллик аломатлари бўлганларга нисбатан даво муолажалари тайинланиб, даволаниши учун имконият яратилди.

Когон магистрал газ қувурлари бошқармасида ишлаётган хотин-қизлар ҳам бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, хотин-қизлар билан сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Қабулда уларнинг саломатлиги билан бирга ишда ва турмушда дуч келаётган ташвиш-муаммоларига қулоқ тутилди.  

Тиббий кўрик ва сайёр қабулдан сўнг мазкур тармоқда меҳнат фаолиятини юритаётган бир гуруҳ фаол аёллар вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар бошқармасининг  ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

–Бугун жамоамиз хотин-қизлари учун чинакам байрамона тадбир бўлди,  –дейди Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси Хотин-қизлар кенгаши раиси Замирахон Амонова. –Улар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун. Буни уларнинг нигоҳларида яққол кўриш мумкин.

 

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири