Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ролини ошириш миллий ва демократик қадриятларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Президентимизнинг ҳар бир чиқишида оналаримизга, опа-сингилларимизга, ёш қизларимизга бўлган эътибори юртимизда Хотин-қизларга бўлган эътиборнинг юқори намунаси ҳисобланади.
2022 йил 1 март куни Ўзбекистон хотин-қизлари тарихида унутилмас сана бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки бу кун Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғридан-тўғри хотин-қизларга бағишланган видеоселектор мажлисини ўтказди.
Жамият таянчи, оилалар баракаси, фарзандларнинг комил тарбиячиси бўлган хотин-қизларни ўйлантириб келган масалаларга ечим бўладиган, уларнинг бугунги кундан кўнгли тўлиб, эртанги кунига катта умид берадиган аниқ режалар белгилаб берилганлигига оддий уй бекаси, она ва олий ўқув юртида қизлар тарбиячиси сифатида мени жуда қувонтирди.
Президентимиз томонидан хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастурининг қабул қилиниши ҳақидаги фикри билим олишга иштиёқи баланд қизларимизнинг илм йўлида катта бурилишларга йўл очилишига туртки бўлиб, бу ўз навбатида келажагимиз асосининг янада мустаҳкам бўлишини таъминлайди.
Тўқимачилик соҳасида алоҳида университет, техникумлар ташкиллаштирилиши, аниқ фанлар, техника ва юридика мутахассислигига қабул қилиш 24 фоиздан 40 фоизга етказилиши, олий ўқув юртлари, техникум ва коллежларда билим олаётган қизларга таълим кредитиннг 7 йилга ҳеч қандай фоизсиз берилиши катта янгиликлардан бири бўлди. Бундай эътибор хотин-қизларимизнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва умидини янада ортишига асос бўлади.
Шунингдек, фарзанд тарбияси ва унинг келажаги учун ота-она масъулиятини ошириш, оилада аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишини кучайтиришга алоҳида тўхталиб, шунингдек алимент тўловларини кафолатли таъминлаш мақсадида 2022 йил 1 июлдан “Алимент тўловлари фонди” ни тузишга тўхталиб ўтди.
Ҳар йили 50 қиз нуфузли чет эл олий ўқув юртларига бакалавр ва 10 қиз магистратурага юборилиши, доктарантура йўналишида хотин-қизлар учун камида 300 та мақсадли квота ажратилиши тўғридан-тўғри мамлакатимиз таълим соҳасининг ривожи учун катта аҳамиятга эга.
Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.
Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларда тарбияланаётган, ота ёки онасини йўқотган жами 2,1 минг нафар талаба қизнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши ва магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги эканлигини теран ҳис қилдим. Билимга бўлган иштиёқи янада ортиб бораётган қизларнинг қувончи ва шодлиги шубҳасиз кўз олдимдан ўтди. Чунки, хотин-қизлар билимли бўлса улар келажакда фарзандларига яхши тарбия бериб, бу орқали жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшади, оиласидан бахт топиб, ҳаётидан мамнун бўлиб яшайди ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлади.
Халқимиз азал-азалдан етимнинг бошини силаган, муҳтожларга қўлидан келганча ёрдам қўлини чўзган, қийналганга суянч бўлган сахий халқ. Видеоселекторда Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилганидек, шу йили ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши, 27 минг нафар хотин-қизнинг уй-жой шароити яхшиланиши, 14 минг нафар ёрдамга муҳтож хотин-қизга ижара тўлови учун компенсация тўлаб берилиши, 10 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган хотин-қизга реабилитация воситаси билан таъминланиши юқоридаги фикрларимизнинг яққол далили бўлиб ҳисобланади.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган бўлиб, элимизда ҳеч ким, ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигига янада ишончини мустаҳкамлайдиган, шунингдек, халқ орзуси ва тилаклари жам бўлганлигини тўлиқ англаймиз.
Видеоселектор давомида Президентимиз томонидан хотин-қизлар ва уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига йўналтирилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмуни ва аҳамиятини халқимизга етказишда ҳар биримиздан фаоллик талаб этилади. Чунки аёл бахтли бўлса, жамият ривожланиб, оилалар янада мустаҳкамланади.
Келажакда хотин-қизларимиз “Халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, энг дастлаб хотин-қизларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишимиз керак” деб жон куйдираётган давлатимиз раҳбари ишончини оқлаб, имкониятлардан самарали фойдаланиб, янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажагига тинмай ҳисса қўшишига ишонамиз.
Инжайим Сейтназарова,
Қорақалпоқ давлат университети ректорининг
Хотин- қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
ЎзА