Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Нафосат” маданият марказида “Аёллар дафтари” тизимининг 5-босқичи доирасида 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар тўғрисида очиқ мулоқот ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, 2024 йил бошида ўтказилган хатлов жараёнида туман бўйича 4922 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган. Ҳар бир аёл бўйича индивидуал дастурлар ишлаб чиқилган эди.

Йил давомида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида дафтарнинг 5-босқичи доирасида жами кўрсатилган хизматлар миқдори 2 миллиард 310 миллион сўмни ташкил қилган.

– Ўтган йилда 340 нафар хотин-қизнинг бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилган бўлса, 102 нафарига тижорат банкларидан 963,5 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Меҳринисо Нуруллоева. – Шунингдек, 4476 нафарига бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилиб, 62 нафарининг уй-жойларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 4 нафарининг ижара, 8 нафар хотин-қизларнинг олий таълим муассасаси контракт тўловлари тўлаб берилди. 4709 нафар аёлларга ҳамда уларнинг 99 нафар фарзандларига умумий қиймати 504 миллион сўмлик тиббий ёрдам, 226 нафар аёлга ҳуқуқий ва 2396 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилган.

Учрашувда “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичига киритиладиган эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг миллий базасини шакллантириш бўйича хатлов жараёнларини сифатли ташкиллаштириш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини тизимли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиш лозимлиги таъкидланди.
А.Бўриев ЎзА мухбири