Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар муаммолари ҳал этилмоқда
12:30 / 2022-10-28

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни асраш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан биридир.

Шу мақсадда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бор ёки қарамоғида ногирон фарзандлари бўлган аёлларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида хотин-қизларнинг муаммолари “маҳаллабай” ўрганиб чиқилиб, Қорақалпоғистон Ре6спубликасида 424 та фуқаролар йиғинида 30 ёшдан юқори бўлган жами 33 минг 813 нафар хотин-қиз 6 та тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилди. Унинг 3-босқичига киритилган 31 минг нафар хотин-қизга тоифалар бўйича ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 минг 600 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Шундан 1 минг 253 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 2 минг 795 нафари вақтинчалик (жамоат) ишларга жалб қилинди, 1 минг 206 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 5 минг 744 нафари мустақил равишда ишга жойлашди. Шу билан бирга, жамғарма ва манбалар томонидан ажратилган субсидия ва кредитлар ҳисобидан 1 минг 531 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.  

[gallery-9320]

Нукус шаҳридаги “Наўқан бағ”  маҳалла фуқаролар йиғинида 1008 та хонадонда 5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Шундан бугунги кунга 106 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 48 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, кредит ҳамда субсидиялар берилди. 2 та кам таъминланган оиланинг турар жойи таъмирланиб, 6 та хонадоннинг том қисми тўлиқ шиферлаб берилди. 78 нафар хотин-қизга моддий ёрдам, 3 нафарига бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди.  

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудий поликлиника филиали, 39-умумтаълим мактабининг қўшимча биноси, 2 та жойда болалар майдончаси қуриб битказилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.  

– Давлатимиз раҳбарининг  2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида маҳалладаги хотин-қизларининг қонуний манфаатларини ифода этиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатини тузиб, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Айтбаева. – Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликка  мойиллиги  бўлган хотин-қизлар билан алоҳида профилактик ишлар олиб борилмоқда. Маҳалладаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредитлар олишига амалий ёрдам берилиб, уларни тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб қилинмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтириш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари давом эттирилмоқда. Хотин-қизлар ўртасида “Бувижоним кийган либослар”, “Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари”, “Томорқа-даромад манбаи”, “Спорт – саломатлик гарови”, “Китоби бор оила-офтоби бор оила” ва бошқа мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатларининг мунтазам ўтказилиши ижобий самарасини бермоқда.  

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА