Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитилмоқда
22:20 / 2023-12-01

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамиятимизнинг турли соҳаларида фаол иштирок этиши учун барча шароит яратиб берилмоқда.

Жумладан, касаначиликни ривожлантириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунда уларни касб-ҳунарга ўқитиш муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Хатирчи туманида ҳам ҳудуднинг ўсиш нуқталаридан келиб чиққан ҳолда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатган ҳолда аҳолининг ишсиз қатламини, айниқса, хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

– Бугун барча ҳудудларда  хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратилмоқда, – дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази бош мутахассиси Гулҳаё Равшанова. – Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида туманда тадбиркорликка жалб этилган хотин-қизлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ярим баробарга ошиб, 263 нафарни ташкил этмоқда. Вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамда Оила ва хотин-қизлар туман бўлими билан ҳамкорликда ҳудуддаги хотин-қизларнинг талаблари асосида маҳаллаларнинг ўзида бепул касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилди. Ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар kasbiy-talim.uz платформасига киритилиб, фаолиятнинг кейинги босқичига йўналтирилмоқда.

Шу кунга қадар туманда турли ижтимоий дафтарларга киртилган 263 нафар хотин-қиз касб- ҳунарга ўқитилди. Айни пайтда уларнинг 109 нафари кредит олган ҳолда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган бўлса, 49 нафарига субсидия ажратилган, 51 нафари ишлаб чиқариш корхоналарига мавсумий ва доимий ишга жойлаштирилган. Қолган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири