Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази билан ҳамкорликда “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар” мавзусида ўқув курси очилди.
Мазкур ўқув курси очилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов бугунги кунда юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди:
— Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилган. Бу миллий тизим олтита йўналишдан иборат. Хусусан, биринчидан, зарур ҳуқуқий база яратилган. Иккинчидан, тегишли институционал тизимга асос солинган. Учинчидан, бу борада муайян ўқув-тарбия ишлари йўлга қўйилган. Тўртинчидан, соҳага оид қонунлар ижросининг мониторинги таъминланмоқда. Бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Олтинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида ўтказилаётган мазкур ўқув курсида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ходимларининг кўникмалари оширилади.
Жумладан, ходимларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари юзасидан билимлари оширилади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни бартараф этишга тааллуқли чора-тадбирлар самарадорлиги таҳлил қилинади, — деди А.Саидов.
Машғулотларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказларидан жами 50 нафар тингловчи иштирок этмоқда. Ўқув курси доирасида турли идора вакиллари ва экспертларнинг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар борасидаги маърузалари тингланади.
М.Комилова, ЎзА