Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш – барқарор тараққиёт кафолати
11:22 / 2026-03-05

Муносабат

Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, уларни тадбиркорлик ва ижтимоий фаолликка кенг жалб этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Айниқса, сўнгги йилларда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизими шакллантирилди. Эҳтиёжманд, ишсиз ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилди. 

Иқтисодий соҳада ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш амалиёти кенгайтирилди. Натижада кўплаб хотин-қизлар ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратмоқда. Бу эса нафақат уларнинг шахсий даромад манбаини таъминлаш, балки ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Таълим соҳасидаги имкониятлар ҳам сезиларли даражада кенгайди. Олий таълим муассасаларида хотин-қизлар учун ажратилаётган грант ўринлари сони оширилди, эҳтиёжманд оилалардан бўлган қизлар учун имтиёзли таълим кредитлари жорий этилди. Натижада сўнгги 9 йилда олий таълимдаги хотин-қизлар улуши 3,5 баробарга кўпайди. Касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув курслари ташкил этилди. Бу чоралар хотин-қизларнинг замонавий касбларни эгаллаши, меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига замин яратмоқда.

Қолаверса, куни кеча қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президен фармонига мувофиқ ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратилиши белгиланди.

Шу билан бирга, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунчилик такомиллаштирилиб, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва жабрланганларга ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш тизими кучайтирилди. Махсус марказлар ва ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланди.

Юқоридаги фармон билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобиль иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади. 2027 йил 1 январдан бошлаб эса аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниб кўриб чиқилади.

Шунингдек, Жиноят кодексига вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахсларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш тартиблари киритилмоқда.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ҳам ортмоқда. Парламент ва маҳаллий кенгашларда, давлат ташкилотларида фаолият юритаётган хотин-қизлар сони йил сайин кўпаймоқда. Хусусан, 2017 йилда бошқарув соҳасида ходимларнинг ўртача 20 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар нуқтаи назарининг инобатга олиниши, ижтимоий масалаларнинг янада самарали ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай сиёсатнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти беқиёсдир. Аввало, иқтисодий жиҳатдан фаол ва мустақил хотин-қизлар оила фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Иккинчидан, билимли ва ташаббускор аёллар янги ғоя ва лойиҳаларни илгари суриб, инновацион тараққиётга ҳисса қўшади. Учинчидан, гендер тенглик таъминланган жамиятда ижтимоий барқарорлик ва адолат тамойиллари мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил ва тизимли характерга эга бўлиб, уларнинг самараси кундалик ҳаётимизда яққол намоён бўлмоқда. Бу сиёсат инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилаётган муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун тенг имкониятлар яратиш  бу – нафақат давлатнинг вазифаси, балки жамиятнинг умумий масъулиятидир. Зеро, аёл бахтли ва фаровон бўлган жамиятда тараққиёт барқарор ва изчил бўлади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА