Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш жамоатчиликнинг диққат марказидаги масаладир
11:00 / 2023-12-01

Аёлларга нисбатан зўравонлик – тараққиёт, тенглик ва тинчликка қарши қилинган таҳдид, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги тўсиқдир.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан юртимизда хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани қувонарли. Бу йўлдаги долзарб масалаларга ўзига хос, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида муқобили йўқ ечимлар, никоҳ ва оилавий муносабатлар, фарзанд тарбиясига илмий асосланган йўл-йўриқлар тақдим этилаётгани эътиборга моликдир.  

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – халқаро “Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни” сифатида белгиланган. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.  

Бугун Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида “Хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаоллик кўрсатинг!» шиори билан туркум тадбирлар ўтказилмоқда.

Хўш, айни пайтда бу борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда, ҳал этилиши лозим бўлган жиҳатлар нималардан иборат?

– Хотин-қизларни ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш жамоатчиликнинг диққат марказидаги масаладир, – дейди тадбирда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва ижтимоий реабилитация қилиш ишларини мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси Зоҳид Жонузоқов. – Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” 2019 йил 2 сентябрдаги қонуни ҳамда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2023 йил 11 апрелдаги қонуни орқали юртимизда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, бундай ҳолатларга муносиб жазо тайинлаш қатъий белгилаб қўйилди.

Қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш” каби тушунчалар киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар мавжуд.

Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айланганлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.

Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг 10 ойи давомида 32 минг нафардан зиёд хотин-қизлар Ҳимоя ордери орқали давлат ҳимоясига олинди. Натижада 14 296 та оилани яраштиришга, 16 843 та низони бартараф этишга эришилди. Низоси бартараф этилмаган 1 444 та оилада зўравон шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

8 527 та Ҳимоя ордерлари бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Лайло Файзимуродова мамлакатда болаларга оид зўравонлик ҳолатлари бўйича таҳлилларни маълум қилди.

– Жиноят туркумидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, зўравонлик ҳолатлари сони ошган ошган, – дейди Л.Файзимуродова. – Буларнинг 88 фоизи аёллар, 12 фоизи эркаклар бўлиб, умумий ҳисобда 20 фоиз вояга етмаганлар азият чеккан. Етти ёшгача бўлган болаларнинг жабр кўриш ҳолатларини таҳлил қилганимизда, англадикки, уларда қўрқув ҳисси йўқ, катталарга ишонч кучи кучли. Бу уларнинг зўравонликдан азият чекишига сабаб бўлади. 15 ёшгача бўлган болаларда эса катталарга ишонч билан бир қаторда итоаткорлик ҳисси бўлади. Чунки катталарга ёрдам бериш, уларнинг гапини икки қилмаслик, фикрига қарши бормаслик уқтирилган бўлади. Бу ҳам 15 ёшгача бўлган болаларнинг зўравонликка учрашига омил бўлмоқда. 18 ёшгача бўлган болаларда эса қўрқувнинг бошқа маънодаги тури – ўз шахсий маълумотларининг тарқалмаслиги, яқин қариндошларига зарар етказилмаслиги кабилар уларнинг зўравонлик қурбони бўлишига олиб келиши мумкин.

“Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилаётган Республика конференциясида айни йўналишдаги жорий ҳолат муҳокама қилиниб, ишлар натижадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА