Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича давра суҳбати
22:20 / 2020-12-18

18 декабрь куни Тошкентда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" резолюцияси бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида илғор амалиёт" мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда сенатор ва депутатлар, ЕХҲТ вакиллари, етакчи хорижий экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияси бўйича ишлаб чиқилаётган миллий ҳаракатлар режаси хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳимлигини таъкидлади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда мамлакатни янада ривожлантириш юзасидан ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик юзасидан барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди. “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюцияси бўйича миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси гендер сиёсатини янада самарали амалга ошириш ва энг яхши натижаларга эришишга интиладиган устувор соҳаларни белгилаши айтилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" тўғрисидаги резолюцияси 2000 йил 31 октябрда можароларнинг олдини олиш, ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатишда аёлларнинг муҳим иштирокисиз барқарорликка эришиб бўлмаслиги тан олинган ҳолда қабул қилинган. Ушбу қарор хотин-қизларни барча ташаббусларида гендер масалаларини амалга ошириш билан бир қаторда тўлиқ ва тенг иштирок этишга чақиради.

Резолюция аёлларни можароларни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида кўпроқ иштирок этишини, халқаро ва миллий даражадаги етакчилик лавозимларини кўпроқ эгаллашларини талаб қилади.

Ўтган 20 йил мобайнида БМТга аъзо 193 давлатдан 86 тасида резолюцияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилди. Давра суҳбатида давлатларнинг энг яхши амалиётлари ўрганилди.

Тадбирда хорижий ва маҳаллий экспертлар БМТ резолюцияси бўйича миллий ҳаракатлар режаларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш борасидаги халқаро тажриба ҳақида маълумот берди.

ЎзА