Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаол бўлайлик
15:58 / 2024-12-10

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Диалог” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “25 ноябрь – халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни” муносабати билан ўтказилган “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси якуни муносабати билан “Хотин-қизлар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга фаоллик кўрсатинг!” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

“Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси якуни муносабати билан ўтказилган тадбирларнинг мақсади – мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, бу борада кенг жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, халқаро ташкилотлар ва бошқа шу соҳага алоқадор инсонлар фикрини ўрганиш, давлат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида барчани бирлаштиришдан иборатдир.

Ташкил этилган халқаро конференция хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олишнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Маълумки, зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларни билмайди. Ривожланаётган ва ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш мақсадида жиддий чоралар кўрилмоқда.

[gallery-20787]

Аёл ҳуқуқлари, уларни турли тазйиқ ва қийноқлардан, оилавий зўравонликлардан ҳимоя қилиш дунё ҳамжамияти томонидан энг кўп эътироф этиладиган инсоний муносабатлардан саналади.

Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг чинакам фаровон ва бахтли яшашларини таъминлаш устувор масалалардан.

Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса одамларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Халқаро анжуманда эътироф этилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда «Инсон қадри учун!» тамойили асосида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишларни амалга оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарлик сифатида белгилаб қўйди.

2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди.

Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва уни тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер Стратегияси қабул қилинди.

Қонунчиликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.

Янги Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтириш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, таълим олиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун кенг имконият яратишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Бу борада 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Жумладан, 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 га яқин фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 15 та қарори қабул қилинди.

Айниқса, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклларига барҳам беришга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонуни”да зўравонликнинг жинсий, жисмоний, руҳий, иқтисодий каби турлари эътироф этилган. Ушбу салбий ҳолатларнинг ҳар бирини содир этганлик учун тегишли жазо чоралари белгилаб қўйилган.

2023 йилда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майда қабул қилинган “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори бу борадаги ишларни янада самарали ташкил қилиш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қарорга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилди. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг “102” телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади.  

Профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади. Расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар “Инсон” марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юборилади.

Маърузаларда таъкидланганидек, ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик аввало, инсон ҳуқуқларига путур етказиши, зўравонлик содир этганларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ жазо муқаррарлигини тушунтириш, умуман олганда, жамиятимизда эскича қарашлар, стереотиплар, камситишларга қарши кенг қамровли маърифий тарғибот ишларини олиб бориш, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, умуман, инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро даражада муносиб эътироф этилмоқда.

Тадбирда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, хорижий экспертлар, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.

Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА