Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар натижасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларимиз сони ортмоқда. Улар оилавий даромадини ошириб, хонадонидаги фаровонликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эр эгалари кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон агро ахборот инновация маркази амалга ошираётган “Лидер фермер аёллар орқали қишлоқ хотин-қизларини қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирига жалб қилиш ва уларнинг даромадини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилояти Термиз туманида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Aмерика Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимидаги агро ахборот инновация маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинар-тренингда вилоятда фаолият юритаётган фермер хотин-қизлар иштирок этди.


Семинар давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандлигига кўмаклашиш, иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасидаги тизимли чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинди. Лидер фермер аёллар орқали ҳудуддаги хотин-қизлар фаоллигини ошириш борасида сўз юритилди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад иштирокчиларни ўқитиш, шу билан бирга, кейинчалик ушбу йўналишда фаолият юритаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва юксак натижаларга эришишларида кўмакдош бўлишдан иборат.


Ойбек Муҳаммадиев,
Ўзбекистон агро ахборот инновация маркази директори ўринбосари