Ўзбекистон Республикаси Оила ва Хотин-қизлар давлат қўмитаси, Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамкорлигида “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъмилаш ва тадбиркорлигини ривожлантиришнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган масъул ходимлар ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари раҳбарлари иштирок этган конференцияда хотин-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

– Жорий йил ўтган даври мобайнида 2940 нафар хотин-қиз 8 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, 1100 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, – дейди вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. – Шунингдек, 4356 нафар хотин-қиз хизмат кўрсатиш ва сервис, саноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида бандлиги таъминланди, 2531 нафар ишсиз хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилди ва 2448 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Конференцияда таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизларнинг ўз бизнесларини бошлаши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

– Вилоятда 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида 336 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 1,6 миллиард сўм миқдорда субсидиялар ажратилди, – дейди “Халқ банки” АЖ Навоий вилоят филиали бошлиғи ўринбосари Насиба Рўзиева. – Шу билан бирга 2872 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига иссиқхона қуриш мақсадида 35 миллион сўмгача, 25 нафар хотин-қизга эса ҳунармандликни ривожлантиришлари учун 993,5 миллион сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди.

Тадбир иштирокчилари Конимех туманида жойлашган марказ филиалида тренер ва тадбиркор Латофат Ҳусанова, Мафтуна Ҳакимованинг фаолияти, янги ташаббускор лойиҳалари билан яқиндан танишди ва ўзаро тажриба алмашди.
Конференция давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари томонидан жавоблар қайтарилди.
Якунда вилоятда намунали тадбиркорлик фаолиятини юритаётган бир қатор тадбиркорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан муносиб тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА