Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади
16:59 / 2022-08-31

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 17 мингдан зиёд тадбиркор аёллар фаолият кўрсатмоқда. Йил бошидан 79 мингдан зиёд хотин-қиз тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган.Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш истагида бўлган хотин-қизларга тижорат банклари маблағлари ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 548 минг 166 та имтиёзли кредитлар ажратилган.

Бундан ташқари, сўнгги уч йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 57 минг 427 нафар хотин-қизга давлат бюджетидан субсидиялар берилди. Меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 388 минг 874 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Бу мақсадлар учун 12 миллиард сўмдан зиёд маблағ жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” томонидан 154 минг 85 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, уларнинг 68 минг 57 нафарининг бандлиги таъминланди.

Ушбу марказ фаолиятини такомиллаштириш доирасида жорий йилнинг ўзида 154 та туман (шаҳар)ларда филиаллари ташкил этилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилади.

Таъкидланишича, 2022 йилда мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг жами 4 триллион сўм қисми тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилиши таъминланади.

Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтларининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиявий ресурслари жалб этилиши белгиланган.

Хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш мақсадида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда маҳаллий ва жаҳон логистика компаниялари билан алоқалар ўрнатилмоқда.

М.Қосимова, ЎзА