Халқ банки чарм саноатини ривожлантиришда фаолият юритувчи кўплаб корхоналарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини кенгроқ бозорга олиб чиқиш учун ажратилаётган кредитлар корхоналар учун катта имконият яратмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Bek Bags Biznes” корхонаси томонидан 2018–2025 йилларда босқичма-босқич умумий қиймати 1 миллион доллардан зиёд бўлган сумкалар ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. Турли ҳажмдаги юк сумкаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотларининг сифати, чидамлилиги ва замонавий дизайни туфайли ички бозорда алоҳида ўринга эга. Ҳозирда корхонада йилига 150 минг дона сумкалар ишлаб чиқарилмоқда.

– Олдинлари ҳам тадбиркорлик билан шуғулланганман, – дейди корхона раҳбари Содиқ Беков. – 2012 йилдан Хитой давлатидан турли чарм маҳсулотларни олиб келиб сотардим. Кейинчалик мана шу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошладим. 2017 йилдан буён биз каби тадбиркорларнинг кўкрагига шамол тегди. Давлат раҳбари биз тадбиркорларни қўллаб-қувватламоқда. Эндиликда янги иш ўринлар яратишни бошладик. Айни кунда қўшни давлатлар билан рақобатлашадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаряпмиз. Бугун ходимларимиз 3 миллиондан 5 миллионгача маош оляпти. Ишчиларимиз орасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳам соғлом инсонлар қаторида меҳнат қилиб маош оляпти. Ҳозирда маҳсулотларимиз ҳам маҳаллий бозорга ҳам чет элга етказиб берилмоқда.
Энг муҳими, бу ерда 100 нафарга яқин хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланган. Корхона ҳар бир ишчига муносиб шарт-шароит ва даромад манбаи яратиб, уларнинг оиласи ва келажагига ишонч бағишламоқда.

Шунингдек, тумандаги “Demo Clean” МЧЖ томонидан сўнгги 3 йил давомида “Ғиждувон” ЭИЗ ҳудудида умумий қиймати 600 минг доллардан ошиқ бўлган ошхона буюмларини ювиш ва тозалаш анжомлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу лойиҳа туфайли юртимиз бозорида импорт ўрнини босувчи, сифатли ва замонавий тозалаш воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда корхона 30 нафардан ортиқ ходим учун доимий иш ўрнини яратган. Айниқса, ходимларнинг 50 фоизидан ортиғини аёллар ташкил этаётгани, уларнинг оилавий барқарорлиги ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.