English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар бандлиги ва тадбиркорлик ривожи – устувор вазифа
12:41 / 2025-12-09

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Давлат раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова вилоятнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, хотин-қизларнинг яшаш шароити, бандлиги ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан танишди. Шунингдек, уларни қийнаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар жойида ўрганилди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрда қабул қилинган  “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонига алоҳида эътибор қаратилди. Бош вазир ўринбосари ушбу фармонда белгиланган имконият, имтиёз ва ташаббусларни батафсил тушунтириб, уларнинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтиришдаги аҳамиятини таъкидлади.

Ташриф доирасида Мирзаобод туманида тадбиркор аёл Шаҳноза Сайфиддинова раҳбарлик қилаётган “Мастер фрут” МЧЖ фаолияти билан танишилди. Замонавий боғда 7 гектар майдонда турли мева ва резавор экинлар томчилатиб суғориш ҳамда агроволтаик тизим асосида етиштирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Мирзаобод туманидаги Йўлдошобод маҳалласидаги тикувчилик цехи, ижтимоий ётоқхоналар, Ховос туманидаги Оқчангал маҳалласида қовунқоқи тайёрлаш билан шуғулланиб келаётган тадбиркор аёллар фаолияти, Гулистон шаҳридаги “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган 28-ётоқхонадаги хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида тадбиркор хотин-қизлар томонидан қатор таклифлар илгари сурилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди. Президент Фармонида белгиланган вазифалар ижросини янада самарали ташкил этиш, жойларда янги иш ўринлари яратиш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини кенгайтириш бўйича келгусидаги режалар ҳам муҳокама қилинди.

Бош вазир ўринбосари бу каби учрашувлар хотин-қизлар билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига жойида ечим топиш ҳамда фармон ижросини амалда таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири