Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Бухоро вилоятида бўлди.
Ташриф Шофиркон туманининг “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор аёллар ташаббуси билан ташкил этилган “Нозанин келажак авлоди” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишишдан бошланди. Лойиҳа қиймати 2 миллиард 56 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур таълим маскани 100 нафардан ортиқ болани қамраб олиш имкониятига эга бўлиб, айни пайтда бу ерда 60 нафардан зиёд тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда. Муассасада давлат-хусусий шерикчилик асосида “Кундузги парваришлаш хизмати” йўлга қўйилган бўлиб, 20 нафарга яқин алоҳида эҳтиёжли бола ушбу хизматдан фойдаланмоқда.
Шундан сўнг Вобкент туманидаги “Кумушкент ипаги” МЧЖда пилладан ипак толаси ва момиғи ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди. Корхонада 90 га яқин доимий иш ўрни яратилган бўлиб, ҳар йили минг нафарга яқин фуқаро мавсумий иш билан таъминланмоқда. Маҳсулотларнинг 100 фоизи хорижий бозорларга экспорт қилиниб, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон ва Франция давлатларига 1,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот етказиб берилган. Ходимларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
Вобкент тумани ҳокимлигида тадбиркор аёллар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксар қисми жойида ҳал этилди. Қолган масалалар бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, ижро муддатлари ва масъул ижрочилар бириктирилди. Фаол тадбиркор аёллар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-27719]
Шунингдек, сайёр қабул ўтказилиб, хотин-қизларнинг мурожаатлари тегишли идора раҳбарлари билан ҳамкорликда кўриб чиқилди.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигида “SHIRIN ETHNO HOUSE” оилавий корхонаси томонидан ташкил этилган туризм маскани ҳамда “Даромадли аёл” лойиҳаси доирасида йўлга қўйилган касаначилик фаолияти билан ҳам танишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари