Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар бандлиги назоратда
15:59 / 2026-02-16

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Масъуллар Зангиота туманидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамда Олмазор маҳалласидаги “еттилик” фаолиятини ўрганишди. Жараёнда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, маҳалла миқёсида оилалар билан ишлаш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва манзилли ҳал этиш чораларининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.  

Бундан ташқари, Қуйи Чирчиқ туманида ҳам қатор манзилли ишлар кўздан кечирилди. Хусусан, Тинчлик маҳалласида жойлашган 80 ўринли “Lyuda baraka tekstil” ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва яратилган иш ўринлари ўрганилди. Корхонада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун барқарор даромад манбаи яратишга қаратилган амалий ишлар ижобий баҳоланди.

Янгийўл туманидаги Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Бўстон Алимованинг  иссиқхона хўжалиги, мавжуд имкониятлар ҳамда фаолиятни кенгайтириш истиқболлари атрофлича кўздан кечирилди. Ўрганишлар чоғида иссиқхона фаолиятини кенгайтириш, хонадонларда касаначиликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар бандлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, маҳалладаги 30 та хонадонда кўкат етиштиришни ташкил этиш бўйича таклиф айтилди.  

Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари бошчилигида хотин-қизлар бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш, жамоавий бизнесни кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мутасадди идоралар, жумладан, оила ва хотин-қизлар, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, миграция ва ички ишлар органлари, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳунарманд уюшмаси ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.  

Тегишли масъулларнинг маърузалари тингланиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Масъулларга мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, манзилли ва тизимли ишларни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.  

Абдулазиз Мусаев, ЎзА