Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Тошкент туманида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида ҳудуддаги “Оила” ҳамда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолиятини кўздан кечирди.
Шу билан бирга, ажрим ёқасига келиб қолган ҳамда судларда низолашаётган оилалар билан манзилли ишлаш бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик дастури доирасида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судлари судялари иштирокида очиқ мулоқот ҳам ўтказилди. Унда тумандаги ҳамкор ташкилотлар, маҳалла раислари, “Нуронийлар” кенгаши, “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари, диний идоралар вакиллари иштирок этди.

Суҳбат давомида ажримларнинг олдини олишга қаратилган долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Масъуллар 30 та низоли оиланинг вакиллари билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, яраштирувларга эришилди. Тадбирда Вилоят ҳокими ўринбосари Нилуфар Нормирзаева, Тошкент тумани ҳокими Сардорбек Эргашев ва Тошкент вилояти ИИББ хотин-қизлар бўйича ўринбосари Шаҳноза Содиқова иштирок этди.

Шунингдек, Чиноз туманида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳам ўрганилди. Дастлаб “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари билан ўтказилган йиғилишда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда оилада аёлнинг ўрни масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув ва суҳбатларда Президентимизнинг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ҳам ўрганди. Хусусан, туманнинг Бирлик маҳалласида ишсиз хотин-қизларни касбга, уларни даромад топишга ўргатиш орқали оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.