French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хотин-қизлар бандлиги доимий эътиборда
20:59 / 2025-02-26

Оилада фарзанд тарбияси, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда хотин-қизларнинг ўрни жуда муҳим. Шу боис жамиятимиз ва оилаларимиз устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш долзарб вазифаларнинг бири ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида ҳунармандчилик ва касаначиликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ижобий натижаларга эришилмоқда.

Шуманай тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати,  Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари  вакиллари берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишида ўзини-ўзи банд қилиб, оиласига қўшимча даромад топаётган аёллар ҳаёти билан танишди.

Туманда бугунги кунда 58 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 29 минг нафаридан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Уларни тадбиркорликка жалб этиш, уй меҳнатини ривожлантириш орқали даромад топишга кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.  

Жумладан, 2024 йилда туманда ишсиз 20 нафар хотин-қизга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилган бўлса, 56 нафарига паррандачиликни ривожлантириш мақсадида инкубатор ажратилди. 13 нафарига асалари қутилари берилди. Давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида касбга ўқитиш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали жами 1 минг 254 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, бандлиги таъминланишига эришилди.

[gallery-21981]

Тумандаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи  Базаргул Бекбосинова томорқасидан унумли фойдаланиб, ҳар йили даромад олиб келмоқда. “Аёллар дафтари”га кирган бу аёл мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган имкониятлар асосида 2021 йилда иссиқхона қуриб, йилига тўрт марта ҳосил олмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида тумандаги “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар қаторида унга ҳам субсидия асосида инкубатор берилиб, ҳозирда паррандачилик билан ҳам шуғулланиб келмоқда.  

Тумандаги “Мунчоқли” маҳалла  фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳибаси, гиламдўзлик бўйича моҳир уста Олтиной Наўбетованинг ҳунармандчилик буюмлари нафақат юртимизда, балки қўшни давлатлар билан бирга Япония, Англия, Австралия, Корея давлатларида ҳам маълум. Шогирдлари билан туя ва қўй жунини қайта ишлаш орқали тайёрлаган турли кийим-кечакларига, қора уйнинг оқ босқурга, тўқиган миллий гиламларга, пойабзалларга харидор кўп. Шунингдек, у ўтган 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан эълон қилинган танловда “Ҳунарманднинг қўли олтин” номли лойиҳаси билан иштирок этиб, 100 миллион сўм грант ютиб олишга муваффақ бўлди. Ушбу лойиҳа асосида кооперация ташкил этиб, айни пайтда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эришди.

Камила Қайирова “Маданият” қишлоғидаги хотин-қизлар фаоли билан маслаҳатлашиб, беш миллион сўм имтиёзли кредит олиб, қуён боқишни йўлга қўйди. У оила аъзолари билан биргаликда етти бош қуён билан иш бошлаган бўлса,  бугунги куни  қуёнлар 200 бошга етди. Даромади яхши бўлганидан ишига қўшимча томорқасида турли гуллар ва қулупнай етиштириш билан ҳам шуғулланиб келмоқда.

“Ойбўйир” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Гулмира Жадигерова мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, қисқа вақт ичида “Аёллар дафтари”дан чиқишга эришган чевар қизлардан. Қадимдан келаётган халқ амалий санъати – қуроқ тикиш ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган.  Момоларимиз қуроқдан тил-кўздан сақлайдиган, ёмонликдан ҳимоя қиладиган тумор сифатида фойдаланган. Қиз узатганда кўрпа, қуроқ, ёстиқ, кўрпача, бола ёстиғи қўшиб берилган. Хонадони олдидаги қора уйнинг ичини қўл меҳнатидан яратилган қорақалпоқ миллий кийим-кечаклари, қуроқ кўрпачалар ва ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган турли буюмлар ушбу анъана давом этиб келаётганидан дарак беради.

– Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан субсидия асосида тикув машинаси олдим, – дейди  Гулмира Жадигерова. –  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан эълон қилинган грант танловида “Моҳир қизнинг ҳунари” лойиҳаси билан иштирок этиб, 100 миллион сўм соҳибаси бўлдим. Унга янги замонавий ускуналар харид қилиб, фаолиятимни кенгайтирдим ва 20 нафар қизни тикувчиликка ўқитдим. Ҳозиргача ишсиз беш нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга эришдим. Ишлаб чиқараётган миллий кийимларимизга харидорлар талаби кучли.  

Туманда ота-болаларимиздан мерос бўлиб келаётган инсон саломатлиги учун жуда фойдали маҳсулотларни етиштириш билан шуғулланадиган оилалар кўпчиликни ташкил этади. Қишлоқлардаги аксарият оилалар ўзимизда етиштириладиган кунжут, тариқ, қовундан турли таомлар тайёрлаб, қўшимча даромадга эга бўлмоқда.

“Бегжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги айрим сабаблар билан тўхтаб қолган “Шуманай Меридиан” масъулияти чекланган жамиятга қарашли 2 гектар ер майдонидаги иссиқхонанинг қайта ишга туширилиши ҳудуднинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига ҳисса қўшиши билан бирга аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилишига сабаб бўлди. Мазкур иссиқхонанинг бир гектарида Корея технологияси асосида помидор ва булғор қалампири етиштирилмоқда. Бир гектарида эса Эрон технологияси асосида қулупнай етиштиришга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.   Қувонарли томони, бу ерда 20 га яқин хотин-қиз доимий иш билан таъминланган.  

Туманда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касаначилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиши учун берилаётган имкониятлар ижобий самарасини бермоқда. Бу эса қишлоқ жойларида хотин-қизларнинг ўзини ўзи банд қилишига, уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга, оғир вазиятга тушиб қолган аёллар ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга, оилалар даромадининг ошишига хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА