Бухоро вилояти Олот туманидаги “Мирза бобо Норов” масъулияти чекланган жамиятида биринчи навбатда хотин-қизлар доимий иш билан таъминланмоқда.
Туманнинг “Опшоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор Акрам Норов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур корхона маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлашни мақсад қилган. Корхона томонидан 500 миллион сўм маблағ эвазига замонавий тикув-бичув ускуналари харид қилиниб, ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилди. Ҳозир корхонада 30 дан ортиқ замонавий ускуна мавжуд, улар маҳсулот тайёрлаш жараёнини самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

Корхонада асосан турли хил тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Айниқса, маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилаётгани корхонанинг иқтисодий салоҳиятини янада оширмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий бандликни таъминлаш, балки ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.


– Аввало, маҳалламиздаги хотин-қизларни иш билан таъминлашни мақсад қилган эдик, – дейди тадбиркор Акрам Норов. – Шу мақсадда замонавий тикувчилик ускуналарини харид қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бугунги кунда 30 нафардан ортиқ хотин-қизлар шу ерда ишлаб, оилаларига даромад келтирмоқда. Энг муҳими, улар ўз маҳалласида, уйига яқин жойда меҳнат қилиш имкониятига эга бўлди. Ҳозир маҳсулотларимизнинг бир қисми экспортга чиқарилмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш, янги ускуналар олиб келиш ва қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштирганмиз. Режамизга кўра, яқин вақтларда яна 50-60 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш имконияти яратилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири