Жорий йилнинг 29 октябрь куни Туризм қўмитаси кўмагида Тошкентда илк бор “HotelPro Hub 2025” форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форум янги платформа меҳмонхоналар, ресторанлар, инвесторлар, профессионал пудратчилар ҳамда давлат ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирди.
Форум очилишида Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов иштирокчиларни табриклаб, “HotelPro Hub” меҳмондўстлик соҳасидаги мутахассислар учун самарали мулоқот майдонига айланишига ишонч билдирди.
“HotelPro” компанияси асосчиси Дилшод Одилов ўзининг кириш сўзида бу форум меҳмонхона бизнеси эҳтиёжларини йиллар давомида чуқур ўрганиш натижаси эканини таъкидлади. Айнан шу таҳлиллар турли йўналишдаги соҳа вакилларини бир майдонга тўплаш ғоясини келтириб чиқарди.
Дарҳақиқат, “HotelPro Hub” нафақат меҳмонхоналарни, балки потенциал инвесторлар ва соҳа етакчи етказиб берувчиларини, яъни меъморлардан тортиб, рақамлаштириш билан шуғулланадиган компанияларгача бирлаштирган илк платформа бўлди.
Форум аввалида иштирокчиларга Миллий банки томонидан турли ҳудудлардаги туризм объектлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Миллий банк мамлакатда замонавий туризм инфратузилмасини яратишда стратегик ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.
Бугун меҳмонхоналарга хизмат сифатини ошириш ва харажатларни камайтиришда нима ёрдам беради? Аввало, сув тежаш ва энергия самарадорлиги! Шу мавзуда “R-Towers” лойиҳаси раҳбари, халқаро тажрибага эга бош менежер Акмал Муратқулов ўз тақдимотида батафсил тушунтирди. Бу ҳар қандай меҳмонхона, айниқса,спа-марказлар, бассейнлар ва ресторанларга эга йирик resort-меҳмонхоналар учун муҳимдир.
Спикер қуёш панеллари, хоналар учун картали энергия тизимлари, ёмғир сувини йиғиш каби технологиялар орқали ресурсларни тежаш чораларини тақдим этди. Булар нафақат иқтисодий, балки экологик фойда келтиради. Замонавий сайёҳлар эса “яшил туризм” тамойилига амал қиладиган меҳмонхоналарни танлайди. Шу сабабли, бундай технологияларни жорий этиш меҳмонхона учун рақобат устунлиги ҳисобланади.
Меҳмонхонанинг муваффақияти лойиҳалаш босқичиданоқ ўйлаб чиқилиши зарур. Буни ўз нутқида “Tatalab.uz” асосчиси ва Ўзбекистон ёш меъморлари ассоциацияси раҳбари Тахмина Турдиалиева исботлаб берди. Унинг таъкидлашича, “яшил ёндашув” нафақат ижобий обрў келтиради, балки иқтисодий фойда ҳам беради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, энергия ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш меҳмонхона харажатларини 20-30 фоизга камайтиради.
Бугунги кунда меҳмонхона бизнеси учун рақамлаштириш ҳам зарур: бронлаш тизимларидан тортиб, хоналарни тозалаш жараёнигача. “EXELY” компанияси бизнесни ривожлантириш менежери Дониёр Ҳайдаров ўз тақдимотида рақамли ечимлар ресурс тежамкорлигини ва хизмат сифатида ўсишини таъминлашини қайд этди. У онлайн бронлаш, Channel Manager, PMS ва хоналарни тозалаш модуллари каби тизимларнинг аҳамиятини тушунтирди.
Форум давомида кўплаб сўзга чиққанлар замонавий меҳмонхона учун рақамлаштириш ва барқарор технологиялар муҳим омил эканини тасдиқлади.
Туризм қўмитаси вакили Азиз Миржалиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бугун илгари кам танилган Марказий Осиё бурчагидан дунёнинг энг жозибадор туристик йўналишларидан бирига айланди. 2017 йилдан буён чет эллик сайёҳлар сони 4 баробар ошди, 2025 йил апрелидан бошлаб эса ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ сайёҳ мамлакатимизни зиёрат қилмоқда. Туризм ривожлангани сaйин иш ўринлари кўпаяди, экспорт ортади ва мамлакатнинг халқаро танилиши ошади.
[gallery-26086]
Бугун бу жараёнга “HotelPro Hub” ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу ерда дунёнинг замонавий тенденциялар, янги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр алмашилди. Ушбу кенгайтирилган платформа мамлакат меҳмонхона тармоғининг янада интенсив ўсишига хизмат қилади, бу ерда замонавий стандартлар ва миллий меҳмондўстлик муваффақиятли уйғунлашган.
“HotelPro Hub” асосчиси ва Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одиловнинг таъкидлашича, биринчи форум ғоянинг тўғрилигини исботлади, меҳмонхона эгалари ва уларга хизмат кўрсатувчилар бирлашди.
Натижада иштирокчи компаниялар базаси яратилади ва у расмий веб сайтида мунтазам янгиланиб боради.
Шунингдек, ташкилотчилар ҳудудий тадбирларни ҳам ўтказишни режалаштирган, бу эса вилоятлардаги меҳмонхоналар учун янги имкониятлар очади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА