Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳибаси Хосият Бобомуродованинг “Сайланма” – Бахт майдони” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоиранинг мустақиллик йиллари ёзган – шеърлари, драма ва достонлари, қатра ва эсселари жой олган.
Жанрлар, мавзулар ранг-баранг. Аммо уларни бирлаштириб тургувчи асосий восита – бош ғоя бор. Бу – Ватанга муҳаббат, аёл зотига чексиз эҳтиром, онага таъзим, қадимий ва афсонавий Самарқанд улуғворлигини бор овозда куйлаш.
Китоб шоиранинг қўшиққа айланиб бутун Ўзбекистон жўр бўлиб куйлайдиган шеъри билан бошланади:
Дерлар, ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп,
Юртлар бор, ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Кездимки, дунёнинг йўллари узун,
Фаҳми ноқисларнинг қўллари узун,
Аммо барчасининг кўрари, кўзи,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Кимдир дўстларини сотиши мумкин,
Кимдир ўзига ўқ отиши мумкин,
Ўқ ўтмас қалъанинг борлиги ҳам чин,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир.
Ватан деб Ватандан кетганлар айтсин,
Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,
Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир...
Қайсидир бир суҳбатда ҳамкасб журналист шоирани: “Айтинг-чи, сиз бу дунёга нимага келганман деб ўйлайсиз?” – дея сўроққа тутади.
– Мен дунёга сўз излаб келганман, - дея жавоб беради ўйлаб ҳам ўтирмасдан шоира.
Бу дунёда кимлардир ҳақиқат излаб келади ва умр бўйи ўз ҳақиқатини ахтариб юради. Яхшилик қилишга келдим дейди қанчалар. Яхшилик қилиб юришибди, кўриб юрибмиз. Аммо, сўз излаб келганлар, жуда оз, эҳтимол, бармоқ билан санарлидир.
– Оллоҳим, шукурлар бўлсинким, СЎЗ деган даргоҳинг бор. Шукурлар бўлсинки, менинг қалбимга бу даргоҳ дийдори насиб этмиш. Ундан терган инжуларим бирла қалбимни таъриф этдим...
Тангрим, менинг сўз излаш азобига муяссар этганинг учун шукур. Сўзларни енгганим сайин меникига айланди. Енголмаган сўзларга асир бўлдим. Ғолиблик ва асирлик аро яшайман то сўнгги дамгача... деб ёзади шоира.
Хосият Бобомуродованинг “Бахт майдони” сайланмасини ўқиркансиз, кўз ўнгингизда том маънода ўзгариб бораётган бугунги Самарқанд, бепоён Ўзбекистон манзаралари гавдаланади.
Унинг излаган ҳақиқатлари “ахтариб юрган сўзлари”да акс этиб туради. “Нега сени баланддан изладим, пастда экансан” деб ёзади бир ўринда шоира... Хуллас, жуда қизиқ, ҳаёт фалсафаларига тўла бу китоб.
Хосият Бобомуродованинг “Бахт майдони” номли сайланмасини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА