Пахтачиликда июль-август ойлари бажариладиган агротехник тадбирлар ҳосил чўғининг юқори, эртаги ва сифатининг яхши бўлишини таъминлайди. Ушбу даврдаги энг долзарб ишларга ғўзани суғориш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, қатор ораларини чопиқ қилиш, чуқур юмшатиш ҳамда ғўзани баргидан озиқлантириш каби тадбирлар киради.
Айни кунларда Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тохиров ҳудудда амалга оширилаётган ғўза парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўрганилмоқда.Туманда 2025 йилда 8 минг гектардан ортиқ ерга чигит экиб, 36 минг тоннага яқин пахта ҳосилини олиш режа қилинган.

– Ғўза майдонларида чилпиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали, ғўзанинг ўсиш-ривожланиши жадаллашишига, ҳосил элементларининг тўкилмаслигига, гул ва кўсаклар сони ошишига, кўсакларнинг пишишини 10-15 кунга тезлашишига ҳамда ҳосилдорлик 6-8, ҳаттоки 10-12 центнергача ортишига эришилади, – дейди Хуршид Тохиров.
Ўрганишлар давомида туман ҳокими томонидан масъулларга пахта далаларида айни вақтда бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, жумладан, ғўза майдонларига феремон тутқичлари ўрнатиш, минерал ўғит билан ишлов бериш, ишчи ва механизаторларни доимий рағбатлантириб бориш сингари топшириқлар берилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.