Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тараққиётида дон етиштириш соҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Шу туфайли аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ун ва нон маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 майдаги “2025 – йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан ушбу мақсадларда қабул қилинган эди.
Унга кўра, давлат ресурслари сифатида қабул қилинадиган буғдой донларининг сифати, уларнинг тўғри сақланиши ва харидорларга етказилиши жараёнида барча норматив ҳужжатларга қатъий риоя этилиши бўйича назорат Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилди.

Тошкент вилоятида ҳам 2025 йилги буғдой ҳосилидан давлат ресурси ҳамда вақтинча сақлаш учун жами 302 минг 15 тонна буғдой дони харид қилинди. Уларнинг 104 минг 291 тоннаси давлат жамғармаси, 170 минг 310 тоннаси вақтинча сақлов, 27 минг 413 тоннаси эса уруғлик дон сифатида қабул қилинди. Ўз навбатида мазкур донларнинг 174 минг 600 тоннаси очиқ майдонларга, 83 минг 842 тоннаси ёпиқ сиғимларга, 35 минг 715 тоннаси эса махсус майдонларга жойлаштирилди.

Ушбу ҳажмдаги маҳсулотларнинг сифати бузилмасдан, йўқотишларсиз сақланиши, уларни кейинчалик сифатли тарзда истеъмолчиларга етказиш жараёни “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
– Бугунда “Ўзагроинспекция” томонидан дон маҳсулотларининг сақланишига оид барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан таҳлил ва мониторинг ишлари йўлга қўйилган. Жумладан, дон қабул қилиш шохобчаларида гигиена, санитария, захиралаш технологиялари ва юклаб жўнатиш тартибларига амал қилинмоқда. Муҳими, давлат захирасидаги буғдой донларини нест-нобуд қилмасдан сифатли сақланиши озиқ-овқат хавфсизлигининг энг муҳим омилларидан биридир, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси шўба бошлиғи Д.Убайдуллаев.
А.Мусаев,ЎзА.