French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратилди
12:18 / 2025-09-05

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида қишлоқ хўжалигидаги муҳим агротехник тадбирларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда ғўза майдонларини қисқа муддатларда дефолиация қилиш, пахтани ёғингарчиликларга қолдирмай, йиғиб-териб олиш ҳамда келгуси йил ҳосили учун кузги ғалла экиш масалалари муҳокама этилди.

Семинарда деҳқон-фермер хўжаликлари вакиллари, тажрибали агрономлар ҳамда “Ифода” компанияси мутахассислари иштирок этди. Тадбир доирасида кимёвий воситалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўргазма ўтказилиб, ҳосилдорликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган агротехник талаблар юзасидан тушунтиришлар берилди. Мутахассислар таъкидлашича, ғўза баргларини сифатли тўкиш ва бу жараённи ўз вақтида амалга ошириш кейинги ҳосилнинг кафолати ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, туманда дефолиация жараёни самарали ўтказилиши учун 38 та пуркагич тайёр ҳолатга келтирилган ва етарли дефолиант захираси яратилган. Шунингдек, келгуси йил ҳосил учун 12 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экиш белгиланган. Агрономлар ғалла навларини тўғри жойлаштириш, минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш ва ерга сифатли ишлов бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Бу борадаги ишлар тўғри йўлга қўйилса, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ошиши, ҳар гектардан сифатли ва юқори ҳосил олиниши кутилмоқда. Шу мақсадда 70 та юқори унумли техника, 80 та қатор орасига ишлов берувчи агрегат ҳамда 30 та минерал ўғит сепувчи мослама жалб этилди. Бу эса фермерларга агротехник ишларни белгилаб берилган муддатларда ва юқори самарадорлик билан бажариш имконини яратади.

Семинар якунида 2026 йил ҳосили учун илк барака уруғи қадалди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири