Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳосилдорлик ҳар гектаридан100 центнерни ташкил қилди
17:19 / 2024-02-05

Мамлакатимизда пахта-тўқимачилик, ғалла ва мева-сабзавот кластерларининг ташкил этилиши ернинг ўз эгасини топишида муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги “Қаҳрамон” ғаллачилик кластери томонидан амалга оширилаётган ишлар фикримизга далил бўла олади.

Яқинда мазкур кластер томонидан ун ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Туркиялик ҳамкорлар билан йўлга қўйилган бу линия бир кунда 60 тонна, йиллик 22 минг тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни кунларда янги бренд остидаги сифатли ун маҳсулотлари ички ва ташқи бозорга чиқарилмоқда. Натижада янги 22 та иш ўрни яратилди. Шу билан бир қаторда, донни саралаш ва қадоқлаш цехи, сутни қайта ишлаш заводи, наслли чорвачилик ва паррандачилик тармоқлари ишга туширилиш арафасида турибди. Бу лойиҳалар амалга ошиши билан маҳаллий хомашёдан маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, уларнинг экспортини йўлга қўйиш, қўшимча яна 40 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. 

– Туманимиздаги 137 та ғаллачилик фермер хўжалиги билан шартномамиз бор, жами 3 минг 700 гектар майдонда буғдой етиштириляпти. Йиғиб олинган ғаллани қайта ишлаш орқали фермерлар учун қулай ва манфаатли шароит яратиш – бош мақсадимиз. Соддароқ айтганда, деҳқон ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланиш, олинган ҳосилни қайта ишлаб, олинган қўшимча маҳсулотларни яна ёндош тармоқларга сафарбар этиш – буларнинг барчаси гўёки занжирни ҳосил қилади, – дейди кластер раҳбари Исомиддин Ўринбоев. – Тасаввур қилинг, етиштирган ғалласини кластерга бозор нархида топшираётган фермер шу кластердан хоҳласа ун, хоҳласа кепакни мақбул нархда олиши ёки маблағини банкдаги ҳисоб рақамига тушириши мумкин. Ғалла майдонларини ёмғирлатиб суғориш воситалари, техника, ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари, сара уруғни етказиб бериш бизнинг вазифамиз. Фермер ишни тўғри ташкил этса, деҳқон ерга меҳр берса, вассалом. 

Деҳқончиликда ҳосилдор ва касалликларга чидамли, иқлимга мос уруғ навлари катта аҳамиятга эга. Шунинг учун кластер мутахассислари уруғчиликка алоҳида эътибор қаратишган, хорижий ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишган. Ўтган йили Россия Федерациясидан “Юка” ва “Тимирязевка” навли буғдой уруғлари олиб келиниб, яхши ниятлар билан уруғ сепилган эди. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли тарзда ташкил этилди. Навлар ҳудуд иқлимига жуда мос тушди – ҳосилдорлик гектаридан 100 центнерни ташкил қилди. Йиғиб олинган 200 тонна уруғлик буғдой сараланиб, кузда фермерларга экиш учун тарқатилди. 

– 120 гектар еримиз бор, шундан 60 гектарига буғдой экканмиз. Ўтган йилдан буғдойни ёмғирлатиб суғоришга ўтдик. Фойдаси жуда кўп экан – ўғитдан 50 фоиз, техника харажатларидан 70 фоиз иқтисод қилишга эришдик. Ғалла хирмонимиз ҳам баракали бўлди, 70 центнердан ҳосил олдик. Режани ортиғи билан бажариб, 100 тоннадан ошиқ буғдой ўзимизда қолди. Ишчиларга тарқатгач, қолган 95 тоннасини кластер омборига топширдик. Шу ерда ун заводи ишга тушгач, ун ва кепакни нисбатан арзон нархда олиш имкони ҳам туғилди, – дейди тумандаги “Зафарли юксалиш” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳратжон Султонов. 

Бир сўз билан айтганда, ғаллачилик кластери томонидан амалга оширилаётган ишлар халқимиз фаровонлигига, дастурхонлар тўкинлигига хизмат қилмоқда. Биргина туман мисолида кўриш мумкинки, кластер тизимининг афзалликлари жуда кўп. Фақат астойдил ҳаракат қилинса, ер билан тиллашиб, юракдан меҳнат қилинса, кифоя. 

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири