Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Hosildor zamin” тингловчилари учун тренинг
12:11 / 2023-06-09

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари Қашқадарё вилоятида жойлашган “Hosildor zamin” ўқув мажмуаси-кўчатхонаси тингловчилари учун “Томорқада қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш” мавзусида тренинг ўтказди.

Машғулот Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил, шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси кўмагида ташкил қилинди.

Иштирокчиларга томорқадан самарали фойдаланишда экинлар хилма-хиллиги аҳамияти, тадбиркорлик асоси, молиявий саводхонлик, бюджет тақсимоти, томорқада сабзавот етиштиришнинг ўзига хос хусусияти ва бошқа мавзулар бўйича қўшимча билим ва кўникмалар берилди.

Тингловчилар ижтимоий аҳволи, турмуш шароити оғир оилалар, шунингдек, муаммоларни рўйхатга олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва назорат қилиш бўйича сектор раҳбарлари назоратига олинган маълумотлар базаси ҳисобланган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда эҳтиёжманд ва соҳага қизиққан ёшлардан иборат.

– Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари вакиллари уй хўжалигини бошқариш, тадбиркорлик асоси, Қашқадарё вилояти иқлим шароитида кўчат етиштиришнинг ўзига хос хусусияти бўйича ўқитилмоқда, – деди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Бу тадбир бандлик муаммосини ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, биохилма-хилликни сақлаш учун замонавий илғор технологияни қўллаш ва деҳқончиликда ресурс тежаш усулидан фойдаланиш жуда муҳим.

Дарҳақиқат, “Hosildor zamin” ўқув мажмуаси-кўчатхонаси мевали дарахтларнинг маҳаллий навларини асраш, ўзгариб бораётган иқлим шароитига мослаштириш ҳамда “in-vitro” усулида кўпайтириш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳа “Zamin” фонди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ўртасидаги битим доирасида Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилган.

Июль ойи бошида ФАО мутахассислари томонидан “Hosildor zamin” тингловчилари учун навбатдаги тренинг уюштирилади.

 

Б.Худойбердиев, ЎзА