Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Ризаев Рустамжон омад” фермер хўжалиги 60 гектар ер майдонига эга бўлиб, ундан 35 гектарида пахта ва 15 гектарида ғалла етиштирилмоқда. Хўжалик раҳбари Жондилло Раҳматов пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб олиш мақсадида умумий қиймати 2 миллиард 150 миллион сўмлик “TZST CE 220” русумли пахта терим комбайнини лизинг асосида харид қилди.
Туман ҳудудларидаги чўл зоналарида пахта териш учун ишчи кучининг етишмаслиги сабабли бу комбайннинг сотиб олиниши фермер хўжаликлари олдида турган энг муҳим муаммони ҳал қилишга хизмат қилади. Мазкур комбайн ёрдамида пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб олиш ва юқори сифатли хомашё етказиб бериш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, давлат томонидан лизинг асосида харид қилинган техникалар учун субсидиялар ажратилмоқда. Хусусан, ҳар бир тонна терилган пахта учун фермерларга 800 минг сўмдан субсидия берилади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи харажатлари ҳам давлат томонидан қопланади. Бу имтиёзлар фермерларнинг техника харидини қулайлаштириб, уларга қўшимча иқтисодий рағбат беради.

– “TZST CE 220” пахта териш машинаси 10 йиллик лизинг асосида берилди, – дейди хўжалик раҳбари Жондилло Раҳматов. Бошланғич тўлов 400 миллион сўм, лизинг фоизи эса 10 фоизни ташкил этади. Давлат томонидан ажратиладиган 15 фоизлик субсидиянинг қиймати 322,5 миллион сўм бўлиб, умумий ҳисобда 580,5 миллион сўм фермер хўжалигига қайтарилади. Комбайн билан бир иш кунида 10 гектар ерда 25-30 тонна пахта терилади. Бир тонна пахта териш учун 800 минг сўм терим пули олинади ва техника эгасига бир тонна пахта тергани учун 250 минг сўм субсидия берилади.

Янги техниканинг кўргазмали синов жараёнида масъуллар ва фермерлар комбайннинг самарадорлигини юқори баҳолади. Улар ушбу техника узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилиб, ҳосилдорликка катта ҳисса қўшишига ва ҳосилни ўз вақтида териб олишга ёрдам беришига ишонч билдирди.

Мазкур пахта терим комбайни ҳосилни ўз вақтида ва сифатли теришга ёрдам бериб, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликдаги ютуқларига улкан ҳисса қўшади. Комбайннинг ишлаши пахта йиғим-терими жараёнларини янада самарали ташкил этишга кўмаклашади ва туман фермерлари олдида турган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.