Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилиб, юртга рисқ улашаётган фидоий инсонларни ҳар қанча эътироф қилса арзийди. Куну-тун ҳаракат қилиб, улкан хирмон яратаётган деҳқонларимиз, фермер ва кластер хўжаликларининг ходимлари касб байрами - Президентимизнинг 2017 йил 25 август куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, декабрь ойининг иккинчи якшанбаси этиб белгиланган.
Сана муносабати билан уларни қутлашга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ва халқаро ташкилот вакиллари, вазирлик, аграр соҳа фидойилари ташриф буюришди.
Ушбу касб эгалари учун ташкил қилинган “Ҳосил байрами” тадбирида улар меҳнатини юзага чиқарувчи табриклар янгради.
Байрам тадбирида айтиб ўтилганидек, қишлоқ хўжалиги –юртимизнинг стратегик устувор соҳаси бўлиб, унинг муваффақияти, аввало соҳа пешқадамларининг сабр-матонати, масъулияти ва тиришқоқ меҳнатига боғлиқдир. Деҳқонлар, фермерлар ва аграр соҳада хизмат қилаётган барча фидойилар она заминга меҳр билан барака уруғини қадайди, ҳар бир ишига энг пок ният билан киришади, меҳр ва садоқат билан ёндашади. Уларнинг ҳар бир томчи пешона тери, ҳар бир жасорати ортида юртга бўлган чексиз муҳаббат ва садоқат мужассамдир.
Кези келганда айтиб ўтиш керакки, қишлоқ хўжалиги ходимлари нафақат юртимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, балки жамиятда меҳнати, маданияти, фидойилик ва сабр-қаноати каби фазилатлари билан инсонийлик қадриятларининг тарғиботчилари ҳам ҳисобланади. Зеро, эрта баҳордан ҳар бир барака уруғини ер бағрига эҳтиёткорлик билан қадаб, бутун ёз давомида қилган тинимсиз меҳнатларининг самараси мўл ҳосилни кеч кузда йиғиштириб олишлари эътирофга лойиқ. Бу орқали улар келажак авлоднинг фаровон ҳаёти учун ҳам замин яратмоқдалар.
Байрам тадбири доирасида бир гуруҳ аграр соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда қишлоқ хўжалиги фидойиларига Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1wPKsLyo2RQ" title="“Hosil bayrami”da soha xodimlari taqdirlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА