Гулистон шаҳридаги “Муҳташам” тантаналар мажмуасида “Ҳосил байрами” муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан келган тажрибали деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этишди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади. Ўтаётган йил қишлоқ хўжалиги учун самарали бўлганини таъкидлар экан, деҳқон ва фермерларнинг изчил меҳнати, илғор агротехнологиялар ҳамда илмий ёндашувлар қўлланилиши натижасида салмоқли натижаларга эришилганини қайд этди. Шунингдек, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди.

Миришкор деҳқон ва фермерлар, сув хўжалиги ходимлари ҳамда агросаноат соҳаси мутахассисларининг бирдам меҳнати туфайли вилоятда дончилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, чорвачилик ва пиллачилик йўналишларида барқарор кўрсаткичларга эришилгани эътироф этилди. Айниқса, пахтачилик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, кластер тизими ҳамда замонавий агротехнологиялар юқори самара бермоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилиб, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратилмоқда, инфратузилма яхшиланиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Келгуси йилда ҳам соҳани янада ривожлантириш, инновацион ечимлар ва илмий ёндашувларни кенг жорий этиш устувор вазифалардан экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирланишди. Шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан ажралиб турган бир қатор соҳа вакилларига Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда “Илғор фермер” кўкрак нишонлари топширилди.
Пахтачиликда юқори натижаларга эришган фермер Асатулло Бердиқулов қимматбаҳо совға — автомашина билан мукофотланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири