Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатувчи “Ўзбек мактаби” ташкил топганининг уч йиллиги муносабати билан махсус маросим бўлиб ўтди.
2022 йилда хорижликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатиш мақсадида йўлга қўйилган ушбу ташаббус қисқа фурсатда ўзининг илмий-услубий мактаби, ўқув дастурлари ва кенг халқаро аудиторияси билан юртимизнинг маданий дипломатиясидаги энг самарали лойиҳалардан бирига айланди.
Маросимнинг тақдимот қисми лойиҳанинг ташаббускори, университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Нозлия Нормуродова томонидан олиб борилди. У “Ўзбек мактаби”нинг уч йиллик фаолияти давомида босқичма-босқич яратилган А1 ва А2 даражаларига мўлжалланган дарсликлар, ўқув курслари ва онлайн таълим тизимлари ҳақида сўз юритар экан, бугунги кунгача 400 нафардан ортиқ хорижлик ўрганувчи ушбу материаллар асосида ўзбек тилини муваффақиятли ўзлаштиргани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ушбу изчил ишларнинг табиий ва мантиқий давоми сифатида “Хорижликлар учун ўзбек тили” B1 дарслигининг нашр этилгани эълон қилинди. Маросимда “Ўзбек мактаби”нинг амалдаги хорижлик тингловчилари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор хорижий давлатларнинг элчихона ва ваколатхоналаридан келган меҳмонлар ҳам иштирок этди.
Маросим давомида яна бир муҳим лойиҳа — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 12-январдаги ПҚ-19-сон Қарори асосида яратилган Uzacademy платформасининг расмий тақдимоти ўтказилди. Платформа Ўзбекистон тарихини, маданиятини, адабиётини, санъатини ва миллий қадриятларини хорижий аудиторияга замонавий, тизимли ва қомусий шаклда етказиш учун мўлжалланган. “Uzinfocom” билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур портал ҳозирда https://uzbekacademy.uz/oz доменида фаолият юритмоқда. Платформага 4 асосий рукн ва 14 тагрукн бўйича 62 та саҳифа юкланган бўлиб, уларда тарихий, маданий ва илмий маълумотлар визуал материаллар билан бойитилган ҳолда тақдим этилган. Шунингдек, Маданият вазирлиги ва Кинематография агентлиги каби ташкилотлар учун махсус кабинетлар яратилгани платформанинг давлат идоралари билан интеграцион ишлашини таъминлайди. Uzacademy платформаси ўзбек тилини масофадан туриб ўргатиш бўйича ҳам кенг имконият яратади. А1 даражасига мўлжалланган дарслар тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, тинглаш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини ривожлантирувчи машқлар, шунингдек, даража аниқлаш тестлари жойлаштирилган. Келгусида видеодарслар, интервюлар, ижодкорлар ва мутахассислар билан учрашувлар, махсус тақдимотлар платформа контентини янада бойитиши режалаштирилган. Uzacademy платформасининг энг муҳим янгиликларидан бири шундаки, у Буюк Британиянинг нуфузли Оксфорд университетида йўлга қўйилган “Ўзбекшунослик” дастури учун ҳам таянч илмий-маърифий база сифатида фойдаланилади. Платформадаги маълумотлар Оксфорд университетининг электрон таълим тизимларига интеграция қилиниб, талабаларга Ўзбекистон тарихи, маданияти, адабиёти ва тилига оид ишончли, илмий асосланган, мунтазам янгиланадиган бирламчи манба сифатида хизмат қилади. Шу тариқа Uzacademy нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг энг нуфузли илмий марказларидан бирида ҳам ўзбекшунослик тадқиқотларини қўллаб-қувватловчи рақамли пойдеворга айланмоқда.
Мазкур маросим “Ўзбек мактаби” ташаббусининг уч йиллик илмий-услубий фаолиятини, хорижликларга мўлжалланган дарсликлар тизимининг янги босқичини ва “Uzacademy” платформасининг ишга туширилишини бир бутун ҳолда намоён этди. Ушбу лойиҳалар ўзбек тилининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, жаҳон аудиториясига сифатли таълим ресурсларини тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон маданиятини кенг тарғиб этиш йўлидаги изчил ва муҳим қадамлардир.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/ayaTXe63Nj4" title="“Xorijliklar uchun o`zbek tili” darsligi va “Узбекаcадемй.уз” taqdimoti o`tkazildi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА