Янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – Наврўзи олам “Навоийуран” давлат корхонаси тизимида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.

Корхона жорий йилда янги тузилма сифатида ўзининг иккинчи баҳорини қарши олди. Ўтган йилги анъанани давом эттирган ҳолда бу йил ҳам Наврўз байрамини корхонанинг кўп минг сонли жамоаси, қолаверса, Зафаробод қўрғони аҳли катта байрам сайли кўринишида нишонлашди. “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган байрам тантанаси корхонанинг Навоий, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод майдонлари меҳнат жамоаси томонидан тайёрланди.

Баҳор элчиси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган байрам арафасида катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Корхона бўлинмаларида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошрилди.
Кўл атрофига эрта тонгдан корхона ишчи-ходимлари ва Зафаробод қўрғони аҳолиси ташриф буюрди. Байрамга оид ёзувлар, байрам гуллари, миллий сўзаналаримиз билан безатилган майдонда Наврўз таровати яққол сезилиб турди.

Айниқса, корхона таркибий бўлинмалари томонидан танлов учун азалий урф-одатларимизга мувофиқ тайёрлаб келинган байрамона дастурхон ва бадиий чиқишлар байрамни бадиий жиҳатдан сермазмун ва ранг-баранг бўлишини таъминлади.
“Навоийуран” давлат корхонасининг энг катта бойлиги бу кўп миллатли аҳил жамоаси. Бу жиҳат байрам сайлида ҳам ўз ифодасини топди. Турли миллатларга хос бўлган бундай намойишлар корхонадаги хорижлик мутахассисларининг ҳам эътиборини тортди.

Жерард Фриес, “Навоийуран” давлат корхонаси бош директорининг геология бўйича маслаҳатчиси (Франция):
— Мен икки ойдан буён “Навоийуран” давлат корхонаси бош директорининг геология бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келаяпман. Аслида ўзбек диёрида илк бор оилам билан яшаб, ишлаш шарафига муяссар бўляпман. Сўнгги йилларда турмуш ўртоғим ва оилам билан турли мамлакатларда, хусусан, Африка, Европа ва Қозоғистонда ишладик.

Биз учун ўзининг анъаналари, либослари, анъанавий таомларини намойиш қилаётган ўзбек халқининг урф-одатлари жуда қизиқ бўлди. Таъбир жоиз бўлса, миллий анъаналарни шу байрам сайли орқали кашф қилдик. Асосийси, одамлар жуда самимий ва меҳмондўст. Бизга бу муҳит жуда ёқди. Бундай оммавий тадбирда иштирок этишнинг ўзи ёқимли. Мен фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонликларга, хусусан, “Навоийуран” жамоасига соғлик-саломатлик, оилавий бахт, тинчлик-омонлик тилайман.
Янги тузилма сифатида халқаро майдонда кундан кун нуфузи ортиб бораётган корхона хорижий компаниялар билан изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Улар корхона трансформацияси ва стратегик ривожланиш дастурини ишлаб чиқишда корхонага яқиндан ёрдам бермоқда.
Жумладан, АҚШнинг “Korn Ferry” компанияси “Навоийуран” давлат корхонаси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Компания вакиллари корхона трансформация жараёнларида иштирок этиб, ўз таклиф ва маслаҳатларини беришмоқда. Ўртадаги келишувга кўра бу жараён 6 ой давом этади.

Максим Збитов, “Korn Ferry” компанияси лойиҳа офиси раҳбари (Россия):
— Мен нафақат бундай тантанали маросимда биринчи бор иштирок этаяпман, балки Ўзбекистонга илк бор ташриф буюришим. Келганимга кўп бўлмади, лекин шундай кенг қамровли, ранг-баранг, миллий урф-одатлар намойишига айланган сайил менга жуда ҳам ёқди. Очиғи бир жиҳат мени ҳайратлантирди. Бу ерда миллий таомлар шунчалар хилма-хилки, уларнинг бемалол мазасини татиб кўришга рухсат беришади. Ўзлари бунга таклиф қилишади. Айниқса, миллий либослар менда катта таассурот қолдирди. Мен кончи ва геологлар байрамни оддийгина нишонлашса керак, деб ўйлагандим.
Мен фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқини, хусусан, навоийликларни байрам билан табриклайман. Уларга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик-хотиржамлик тилайман. Ўзбекистон бугун ҳақиқатда ҳам тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улкан ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Айниқса, инвесторларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Ўйлайманки, бизнинг ҳамкорликда ишларимиз кутилган самарани бериб, корхонада халқаро стандартларга мос замонавий корпоратив бошқарув тизими яратилади.
Дарҳақиқат, байрам сайли хорижликларнинг ҳайратига сабаб бўладиган даражада кенг қамровли бўлди. Бир томонда дорбозлар ўйинлари, бир томонда миллий халқ ўйинлари, яна бир томонда концерт дастурларининг намойиш этилиши тадбирни ҳақиқий халқ сайлига айлантирди. Баҳорий гўзалликка мос кийинган корхона хотин-қизлари ўзбекона одатларга биноан келин салом, ақиқа, бешик солди, беточар, лачак боғлар каби маросимларларни ўтказдилар.

Сайилларда турли халқ ва спорт ўйинлари, лапару айтишувлар, айниқса, ўлмас қадриятларимизни намойиш этишга кенг ўрин берилгани соғлом рақобат муҳитини яратиб, ишчи-ходимлар учун ўзига хос синов майдони вазифасини ҳам ўтади.
Якунда “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишланган “Умумхалқ сайилини ташкил этиш бўйича энг яхши бўлинма” танлови энг кучли 3 та жамоаси ҳамда “Энг яхши дастурхон”, “Энг яхши миллий либослар”, “Энг яхши инновацион ғоя”, “Энг яхши миллий урф-одатлар”, “Энг яхши тақдимот”, “Энг яхши ташкилотчи” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, корхона раҳбарияти ва 6-Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг “Диплом” ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, НКМК Касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ташкил этилган “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши жамоатчилик вакили” ҳамда “Ишларнинг энг яхши ташкилотчиси, қонун ва қоидалар билимдони” танловлари ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир “Фарҳод” ва “Ёшлик” маданият саройи ижодий жамоалари ва фольклор-этнографик ансамбллари ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган хонандаларнинг катта гала концерт дастури билан давом этди.
Абдували Бўриев, ЎзА