Хорижлик таълим соҳаси ходимлари сафари давом этмоқда
Марказий Осиё давлатлари икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлида илдам қадам ташламоқда. Бу жараён таълим тизимини ҳам четлаб ўтмайди, албатта.
Кеча Бирлашган Араб Амирликлари миллий мактаблар раҳбари Аҳмад Ал Бастақий ва Cингапур “Times Pulishing Group” ташкилоти бош директори Пенг Йим Сю Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида бўлди.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Марказий Осиё университетлари форуми доирасида амалга оширилган ташриф давомида меҳмонлар институтнинг янги биносини кўздан кечиришди, Ахборот-ресурс маркази, Авлоний ёдгорлик музейи, дарсни тасвирга олиш медиа студияси ва ўқув хоналаридаги шароитлар билан яқиндан танишди.
Хусусан, малака оширишга келган маҳаллий педагоглар учун бунёд этилган замонавий шароитга эга меҳмонхона ҳамда STEAM лаборатория маркази форум қатнашчиларида алоҳида таассурот қолдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА