Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик талабалар ўртасида ўтказилган “Ўзбек тили қалбим таржимони” танлови ғолиблари аниқланди
15:21 / 2023-10-18

— Хориждан келган талабалар ўзбек тилини қандай ўрганишяпти?

— Ушбу танловнинг бошқа танловлардан фарқи нимада?  

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида мамлакатимизда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида ўтказилган “Ўзбек тили – қалбим таржимони” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.  

—Ўзбек тилининг нуфузини дунё бўйича ошириш, тилимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтириш нуқтаи назаридан ушбу кўрик-танлов ташкил этилди, — дейди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Жонузоқ. — Ушбу кўрик-танлов бошқа мамлакатлардан келиб юртимизда таҳсил олаётган ёшларга Ўзбекистондаги дўстлари билан яқиндан танишиб, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятини беради. Танловда иштирок этган хорижлик талабалар тимсолида ўзбек тилини дунёга ёядиган жонкуярлар кўпаяди. Улар орқали хориждаги ўзбек тилини билувчи инсонлар сафи кенгаяди.  

[gallery-14103]

Таъкидлаш жоизки, юртимиздаги олий ўқув юртларида 6 минг 900 нафардан ортиқ хорижлик талабалар таҳсил олишади. Уларнинг 80 фоизи танловга қамраб олинди ва Республика босқичига 15 нафари етиб келди.    

—Танловда хорижлик талабаларга эркин мавзуда эссе ёзиш шарти ҳам киритилган, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Лазиз Мингешов. — Хайъат аъзоси сифатида улар ёзган эсселарни ўқиб, фахрландим. Япониялик бир талаба ўз эссесида “Ўзбекистонга келганим, менинг тақдирим. Мактабда ўқиб юрган кезларим Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарлари бўйича тадқиқот олиб борадиган устозим менга Ўзбекистон ҳақида жуда кўп бора гапириб берган. Ўзбекистонга келиш орзуим бўлган. Юртингиз жуда бой тарихга эга. Магистратурани ҳам шу ерда ўқимоқчиман”... дея ёзган.    

Кореялик бир талаба эса юртимиздаги бахшичилик санъатига қизиқишини, бу санъат тури ниҳоятда уни ўзига ром қилиши ҳақида ёзган.  

Маросимда  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Миллий эстрада санъати институти талабаларининг бадиий чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди.    

Тадбир якунида биринчи ўринни қўлга киритган талаба базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари, иккинчи ўрин соҳиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, учинчи ўрин эгаси 20 баравар миқдоридаги пул мукофоти, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Нигора Раҳмонова, ЎзА