Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик тадбиркорлар Тошкент халқаро кўргазмаси ҳақида
16:41 / 2021-11-26

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 24 ноябрдан буён давом этаётган халқаро “UzAgroExpo”, “UzProdExpo” ва ”InterPackExpo” экспозициясида 18 мамлакатнинг 120 дан ортиқ компанияси ўз маҳсулоти билан иштирок этмоқда. ЎзА мухбири кўргазмада иштирок этиш учун келган хориж компаниялари вакиллари билан суҳбатлашди.

Петер Биег, Германиянинг “Inntro agrar GmbH” фирмаси директори:

— Биз, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон давлатларига қора мол ва қўй экспорт қиламиз. Қарийб 45 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бугунги кунда наслли қорамол савдосига талаб ортиб бормоқда. Ўзбекистонда кўп бўлганман, юртингиз менга жуда ёқади. Яқинда бу ерда корхонамизнинг филиалини очдик. Аминманки, ҳамкорлигимиз изчил давом этади.

Антон Бао, Хитойнинг “Zhengzhou QIʼE Grain and Oil machinery Co” компанияси ташқи савдо алоқалари бўйича менежери:

— Жамоамиз дон ва ёғ маҳсулотлари тайёрлайдиган ускуналар ишлаб чиқаради. Компания таркибида механик лойиҳалаш ва илмий-тадқиқот институти ҳам бор. Ушбу халқаро савдо кўргазмасига келиб, ўзбек ишбилармон доира вакиллари билан ҳамкорликни янада юқори поғонага кўтаришни мақсад қилдик. Энди маҳсулотимизни Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига ҳам етказиб беришни йўлга қўямиз.

Мақсад Исаков, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) “Агросоода” лойиҳасининг Қирғизистон Республикасидаги вакили:

— Бу ярмарка орқали биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини намойиш қиляпмиз. Мижозларга зарур маълумотларни беряпмиз, бир неча маҳаллий тадбиркор билан шартнома имзолашга ҳам эришдик. Биз бундан жудаям мамнунмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари ривожланаверса, иккала томон учун ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман.

 

ЎзА