Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик шифокорлар иштирокида тиббий кўрик ўтказилмоқда
10:50 / 2024-03-13

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ташаббуси билан даун синдромли болалар учун тиббий кўрик ўтказилмоқда.

“Қуёшли болажонлар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тиббий кўрик Швейцария, Испания давлатларидан ташриф буюрган ҳамда Тошкент халқаро тиббиёт марказининг мутахассис-шифокорлари иштирокида бўлиб ўтмоқда. Текширувларда кўриш ва эшитиш аъзоларида нуқсони бўлган даун синдромли болаларнинг саломатлиги кўрикдан ўтказилмоқда.    

Мутахассисларнинг таъкидлашича, даун синдроми ва аутизм касаллиги  болалардаги  руҳий ва жисмоний имконияти чекланганликнинг энг кўп учрайдиган шаклларидан бири ҳисобланади. Дунё бўйича ўртача ҳар 55 нафар боладан биттасида ушбу касалликларнинг у ёки бу тури кузатилади.    

Бундай ташхис қўйилган инсонлар кўпинча ўз оламида яшайди. Ўзига хослиги боис жамиятдан узилиб қолишади. Яккаланиб қолиш ёки фақатгина ўзига ўхшаганларнинг қуршовида бўлиш эса, даун синдроми ва аутизмнинг янада оғирлашишига сабаб бўлади.    

“Қуёш болалари” деб таърифланувчи даун синдромли беморлар доим  ҳаётидан мамнундек кўринсалар-да, улар бошқаларга нисбатан кўпроқ меҳр-муҳаббатга, эътибор ва кўмакка муҳтож бўлади.    

– Мазкур текширувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад  даун синдромли болалардаги кўриш ва эшитиш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатадиган ёки кўриш қобилияти йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган ўзгаришларни аниқлаш, ўз вақтида даволаш, керакли муолажаларни амалга ошириш, – дейди Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Elza институти бош шифокори, профессор Фарҳад Хафези. – Мақсадимиз ана шу тоифадаги болажонларнинг саломатликлари яхшиланишига кўмаклашишдан иборат.  

Швейцариядаги “MAS IP ETHZ IMAGine” AG бош директори Никки  Хафези, Цюрих шаҳридаги Elza институти бош шифокори, профессор Фарҳад Хафези, испаниялик шифокор Кармен Мария Родригес, Тошкентдаги “Сеҳрли қулоқ академияси” маркази бошлиғи, аудиолог мутахассис Наргиза Каримова иштирокида бир неча кун давом этадиган тиббий текширувнинг дастлабки икки кунида 100 нафарга яқин бола кўрикдан ўтказилди. 

– Ўн ёшли қизимни тиббий кўрикка олиб келдим, – дейди Балиқчи тумани, Каттабулоқ маҳалласида яшовчи  Умидахон Раҳмонова. – Қизимнинг хасталиги бўйича хорижлик шифокорлардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олдим.    

Алоҳида кўмак ва меҳрга муҳтож фарзандларимизга кўрсатилаётган эътибор, қолаверса, ушбу тиббий кўрик ташкилотчиларига ўзим каби оналар номидан миннатдорчилик билдираман.  

[gallery-16364]

Хорижлик шифокорлар томонидан даун синдроми ва аутизм касаллиги хасталигининг турли кўринишлари бўлган, текширувдан ўтган болаларни даволаш бўйича уларнинг ота-оналарига тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Текширув якуни бўйича даун синдромининг алоҳида кўриниши бўлган бемор болажонлар Тошкентда ёки хорижда бепул даволаниш учун тавсия этилади.  

                                                          Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари