Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология ёдгорлигига бир гуруҳ швейцариялик сайёҳлар ташриф буюрди.
Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида ҳозирга қадар вилоятга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 70 минг нафардан, маҳаллий сайёҳлар сони эса 655 минг нафардан ортди. Умуман йил якуни билан хорижий туристлар сонини 90 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар ташрифини 922 минг нафарга етказиш белгиланди.
“Мингтепа” археология ёдгорлиги сайёҳлар ташриф буюраётган энг гавжум туристик йўналишлардан бири ҳисобланади. Тарихий манбалар ҳамда археолог олимларнинг маълумотига кўра, “Мингтепа” қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда Даван деб келтирилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб тахмин қилинади.
Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.
Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.
Швейцариялик сайёҳларга “Мингтепа” ёдгорлиги иншоотига оид осори-атиқалар, шунингдек, тумандаги бошқа туристик манзиллар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жингиртепа, Тоштепа ҳудудларини томоша қилди.
– Ўзбекистон ўзининг гўзал ва бетакрор қадимий шаҳарлари билан бизни лол қолдирди, – дейди швейцариялик сайёҳ Томас Маер. – Айниқса, “Мингтепа” ёдгорлиги мажмуаси инсоният цивилизациясининг қадим масканларидан бири эканлиги, бир неча минг йиллар ўтган бўлсада сақланиб қолганлиги мени ҳайратга солди.
Таъкидлаш керакки, “Мингтепа” ёдгорлиги мажмуасига келаётган хорижлик сайёҳлар сони тобора ортмоқда. Ҳозирга қадар Марказий Осиё давлатларидан ташқари, Россия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Корея, АҚШ, Япония, Тайван, Канада каби ўнлаб узоқ хорижий давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА