English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик мутахассислар Сўх туманидаги фойдали қазилмалар сифатини юқори баҳолади
11:23 / 2022-08-19

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Кнауф” компанияси бош геологи Борт Герхард ва компания геологи Мария Буртманни қабул қилди.

Учрашувда “Кнауф” компанияси вакиллари томонидан вилоят ҳокимининг таклифи билан Сўх туманидаги фойдали қазилмалар бўйича олиб борилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди. Борт Герхард ўзининг Сўх туманида олиб борган ўрганишлари самарали бўлганини таъкидлаб, туманда юқори сифатдаги гипс, оҳак, мармар, серпентинит каби кўплаб фойдали қазилмаларнинг катта захираси мавжуд эканини қайд этди.

Германиялик мутахассис, шунингдек, Сўхдаги фойдали қазилмалар конларида ишларни амалга оширишнинг тоғ-техник шартлари ўта қулай эканига ҳам алоҳида урғу берди. “Кнауф” компанияси бош геологи, компания томонидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш лойиҳаларида иштирок этиш учун гипс карьерларида ажратиб олинадиган гипс миқдори 80 фоиздан кам бўлмаслиги кераклигини билдириб, бу рақам Сўх туманидаги конларда 90 фоиздан ҳам юқори эканини қайд этди.

Сўхдаги майдонларда гипс захираси Республика Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан тасдиқланган 4,2 миллион тоннадан ҳам кўп эканига ишонч билдирган Борт Герхард Сўхда гипс маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бизнес нуқтаи назаридан фойдали бўлишини таъкидлаб, бу борадаги якуний ҳисоботини “Кнауф” компанияси юқори раҳбариятига тақдим этишини билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида бўлган Сўх туманида фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга янги иш ўринлари ташкил этишда ҳам аҳамиятли эканини қайд этган вилоят ҳокими бу борада тизимли иш ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланганини маълум қилди.



М. Сулаймонов, ЎзА