Франциянинг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа фармакопеяси 11-нашрига бағишланган халқаро конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тиббий маҳсулотлар соҳасидаги сиёсат ва стандартлар департаменти ва Халқаро фармакопея раҳбари Гваза Лузер ҳамда Америка Қўшма Штатлари Фармакопея конвенциясининг фармацевтик ҳамкорлик бўйича бош менеджери жаноб Кевин Мур билан учрашди.
Суҳбат чоғида Давлат фармакопеяси таҳририяти Бош муҳарирри Ҳабибулла Жалилов хорижлик ҳамкасбларига Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Жаноб Гваза Лузер ва Кевин Мур ушбу ташаббусни эътироф этиб, қилинаётган ишларни юқори баҳолади, дейилади Давлат маркази ахборот хизмати хабарида.
Шунингдек, самимий кечган мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш жараёнида замонавий илмий тадқиқот ишларини жорий этиш, шу жумладан фармацевтик фаол ингридиентлар, ёрдамчи моддалар ва ёт аралашмаларнинг стандарт намуналарини белгилаш, уларни Давлат фармакопеясига киритиш ва ишлаб чиқарувчи компаниялар ва назорат таҳлил лабораторияларни фармацевтик стандарт намуналари билан таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш йўналишлари муҳокама қилинди.
М.Қосимова,
ЎзА