Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик мутахассислар лойиҳа ишини юқори баҳолади
15:40 / 2022-07-15

Термиз давлат университетида Эрасмуз+ дастурининг “TRIGGER” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.

Унда “TRIGGER” лойиҳаси координатори Нина Ҳадидомова, Европа Иттифоқи лойиҳалари бўйича бош менежер Мария Кандила, менежер Нефели Димопулу олий таълим муассасасида амалга оширилаётган лойиҳанинг кейинги босқичларини қандай йўлга қўйиш ва жорий этиш самарадорлигини таъминлаш юзасидан маърузалар қилди.  

Мазкур лойиҳа талаба-ёшларнинг жаҳон андозаларига асосланган тадбиркорлик кўникмасини ривожлантириш ва шу орқали уларни иш билан таъминлаш даражасини оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.  

Тадбирда Термиз давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори М.Ҳошимхўжаева, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлаш бўйича проректор О.Шофиев, Молия кафедраси мудири У.Тўлаков мазкур лойиҳа ҳақида атрофлича фикр юритди.  

Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар тақдимотини ўтказилиб, битирувчиларга иш берувчилар томонидан берилган баҳо ва талабаларнинг ўқиш давомида эришган билим ҳамда кўникмаларига берилган баҳоси натижалари таҳлил қилинди. Талабаларнинг меҳнат бозори талабларига мос кўникмаларини ривожлантириш учун қилиниши керак бўладиган чора-тадбирлар, бу жараёнда интракоур платформасидан фойдаланиш, талаба-ёшларнинг тадбиркорлик кўникмасини ривожлантириш учун таълим жараёнига янги фанларни киритиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

 

Европалик мутахассислар лойиҳа истиқболлари мониторингини ўтказди. Термиз давлат университети “TRIGGER” лойиҳаси аъзолари топширган ҳисоботларни таҳлил қилди. Меҳмонлар Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасасида фаолият юритаётган карьера маркази билан танишиб, келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларни ўрганди. 

– Бу марказ ҳам яхши таассурот уйғотди, – дейди “TRIGGER” лойиҳаси координатори Нина Ҳадидомова. – Яратилган шароитлар мақтовга лойиқ. Биз бу ерда талабаларни ва битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича консалтинг тизими, иш берувчилар билан иш олиб бориш, бизнес инкубация марказининг фаолияти, бўш иш жойлари тўғрисида маълумот бера оладиган онлайн платформалар билан танишдик. Саволларимизга аниқ жавоб олдик.  

Хорижлик мутахассислар Термиз давлат университетида “TRIGGER” лойиҳаси доирасида бажарилган ишларга ижобий баҳо берди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА