Юртимизга Европанинг нуфузли Роберт Кох институти ҳамда Шарите клиникаси мутахассислари Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш" лойиҳаси доирасида ташриф буюрди.
Ташрифнинг асосий мақсади "COVID-19" диагностикаси бўйича семинар-тренинглар ўтказиш, Санитария-эпидемиология хизматининг лаборатория комплексни ривожлантириш бўйича тажриба ва фикр алмашишдан иборатдир.
Санитария-эпидемиология хизматида ўтказилган учрашувда хизматнинг Тошкент ва Нукус шаҳридаги лабораторияларида ташкил этилиши кутилаётган тренингларда "COVID-19"га қарши курашни яхшилаш ва тиббиёт ходимлари, хусусан, лаборатория мутахассисларининг салоҳиятини оширишга эътибор қаратилиши таъкидланди.
Санитария-эпидемиология хизмати ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур лойиҳа жами 4 та компонент доирасида амалга оширилади. Улардан бири "COVID-19" пандемиясига жавобан тиббий ходимларнинг малакасини ошириш"дир. GIZ миллий ва халқаро тажрибага асосланган лаборатория синовлари, нафас олишни қўллаб-қувватлаш, диагностик тасвирлаш ва инфекцияларни назорат қилиш соҳасида соғлиқни сақлаш ходимларининг салоҳиятини ошириш тадбирларини қўллаб-қувватлайди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА