Юртимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловини кузатиш мақсадида Бухорога келган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар сайловга ҳозирлик жараёнлари билан яқиндан танишмоқда.
ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари Борис Дяконов ва Габриела Бюттнер Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида бўлди.

Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Муҳаммадқосим Олимов кузатувчиларга ҳудудий, туман(шаҳар) ҳамда округ сайлов комиссияларида яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг, кузатувчилар ҳудудий сайлов комиссияси матбуот марказида ҳам бўлиб, бу ерда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирди.

– Сайлов – фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланишнинг бир намунаси, – дейди Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Роҳила Отаева. – Аҳолини овоз беришда иштирок этиш ва бу жараёнлар билан яқиндан таништириш соҳа вакилларининг зиммасида. Бухорода мавжуд 631 та участкада ҳар бир комиссия аъзосининг, дастлаб, сайлов бўйича ўтказилган ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди. Ҳозирда ҳар бир участкада ишлар Сайлов кодекси асосида олиб борилмоқда.
Маълумот учун, бу йилги сайловларда 1 миллион 127 минг 100 нафар бухоролик сайловчилар овоз беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.