Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хорижлик кузатувчи Сирдарёдаги сайловга тайёргарлик жараёнларини ўрганди
08:00 / 2021-10-14

МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк Сирдарё вилоятида бўлиб, сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнлари билан танишди.

Халқаро кузатувчига Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Жамшидхон Нуритдинов округ сайлов комиссияси ва 284 та участка сайлов комиссияси, сайлов жараёнлари юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.

Вилоятдаги участка сайлов комиссияларида 3511 нафар аъзо фаолият юритади. Уларнинг 2546 нафари илгари ҳам сайловларда иштирок этган, 1646 нафари аёллар, 718 нафари 21-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Комиссия аъзоларининг 524 нафари ўзини-ўзи бошқариш органлари, 129 нафари ҳуқуқшунослар, 2922 нафари педагоглар ва бошқа соҳалар вакиллари бўлиб, барчаси сайлов қонунчилигидан хабардор фуқаролардир.

Халқаро кузатувчи Гулистон шаҳрида жойлашган 15, 19, 20-сайлов участкаларига бориб, сайловга ҳозирлик доирасида олиб борилаётган ишлар, пандемия шароитида сайловчи ва кузатувчиларга яратилган қулайликлар билан танишди. Участка сайлов комиссия раислари билан суҳбатлашди.

– Сирдарёда мен 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этганман, – дейди МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк. – Бу қисқа даврда вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини, Президент сайловига ҳам пухта тайёргарлик кўрилганининг шоҳиди бўлдим. Ўтказилаётган сайлов нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари ва халқлари учун ҳам аҳамиятлидир.

МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк маҳаллий ОАВ ходимлари билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб берди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА