Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Саудия Арабистонининг “АCWА Поwер” компанияси асосчиси ва директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян ўртасида ZOOM платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида ҳар икки тараф Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ва самарали ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётгани таъкидланди. Айниқса, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, озиқ-овқат саноати, туризм ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари айтиб ўтилди.

Ўз навбатида Зойир Мирзаев Тошкент вилояти бўйича хорижий сармоядорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, қулай инвестиция муҳити ва хориж мамлакатлари билан турли соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди.
Хусусан, фармацевтика саноати, тиббиёт, электротехника, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари, туризм ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ичимлик сувини тозалаш иншоотларини барпо этиш ва уларнинг ускуналарини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Музокаралар давомида “АCWА Поwер” компанияси раиси Муҳаммад Абунайян Тошкент вилояти ишбилармонлар делегациясининг Қиролликка келишини ташкил этиш таклифини берди. Мазкур ташриф доирасида томонлар Ўзбекистон– Саудия бизнес форуми ҳамда Тошкент вилояти ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмасини ўтказишни режалаштирмоқда. Тадбирлар давомида вилоятнинг инвестицион ва экспорт салоҳияти тақдим этилади. Шунингдек, Саудия Арабистонида ўзбек ошхонасини таништириш майдончасини ва ўзбек маҳсулотларини намойиш этиш омборини очиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Маълумот учун, АCWА Поwер – Саудия Арабистонининг етакчи энергетика компанияси бўлиб, электр энергияси ишлаб чиқариш, сувни тозалаш ва қуёш, шамол ҳамда “яшил водород” каби қайта тикланадиган энергия манбалари лойиҳаларини ривожлантиришга ихтисослашган. 2004 йилда ташкил этилган ва Ар-Риёд шаҳрида жойлашган компания Яқин Шарқ, Африка ва Осиёнинг 12 дан ортиқ мамлакатларида стратегик лойиҳаларни амалга ошириб, “Saudi Vision–2030” миллий стратегиясини рўёбга чиқаришда муҳим ҳисса қўшмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.